Россия нефти ва газига нисбатан талабнинг кескин тушиб кетиши ва хом ашё харидорларнинг бошқа муқобил энергия манбаларига ўтиши россияликларнинг 30 фоизга қашшоқлашишига олиб келади. Бундай фикрни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ бош иқтисодчиси ва Россия иқтисодиёт мактабининг собиқ ректори Сергей Гуриев билдирди.
Иқтисодчининг айтишича, агар ҳозир нефть кераксиз бўлиб қолса, россияликлар 30 фоизга қашшоқроқ яшайди. Айни пайтда Россия ялпи ички маҳсулотининг 25—30 фоизини нефть ва газдан келадиган даромадлар ташкил қилади. Бироқ иқтисодиётнинг асосий қисмини хизматлар соҳаси ташкил қилади. Ривожланиш даражаси Россия билан бир хил ёки ундан юқори бўлган мамлакатларда ҳам, масалан, АҚШда ҳам худди шундай вазият юзага келган.
Гуриевнинг сўзларига кўра, нефть ва газга талаб тушиб кетган тақдирда, Россия қашшоқ мамлакатга айланмайди ва қишлоқ хўжалиги, туризм, юқори технологиялар каби соҳаларда ривожланиш потенциалини сақлаб қолади. Бундан ташқари, нефть ва газ каби даромад манбасининг йўқотилиши ижобий томонга эга бўлиши ва Россия ёшларини давлат хизмати ёки нефть компанияларидаги карьера ҳақида эмас, балки бошқа соҳалар, масалан, дастурлаш соҳаси ҳақида ўйлашга мажбур қилиши мумкин.
Нефть ва газ соҳасидан келадиган даромадларнинг улуши Россиянинг 2018 йилги бюджетида 46 фоизни ташкил қилган.
Изоҳ (0)