Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Интернет фойдаланувчилари 70 килограмм пахта тергани учун 92 ёшли онахонни мукофотлаб, ундан социалистик мусобақа мақсадида фойдаланган Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддиларини кескин танқид қилди, деб ёзмоқда Fergana News.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Ҳокимият матбуот хизмати уни ёшларга ўрнак қилиб кўрсатганди. «Онахон айни невара-чеваралар даврасида дам олиши керак бўлган пайтида виждон амри билан пахтазорга отланди. Суяги меҳнатда қотган эмасми, бирпасда анчагина ‘оқ олтинъни этакларга жойлади. Ёшлар лол...», — дейилган ҳокимлик хабарида.

Нафақахўр кекса ёшда бўлишига қармасдан рекорд даражада пахта тергани интернет фойдаланувчиларида мутассадилар кутмаган танқидлар келтириб чиқарган.

«Қарияларимизнинг кексаликдаги аҳволига қаранг... На ижтимоий соҳа ходимлари патронаж қилади, на герентолог шифокорлар, на кундалик терапияларни ташкиллаштирувчи терапевтлар, на ҳаракатланиш воситалари (аравачалар, ходуноклар) бор. Фақат хардкор, фақат пахта», — деб ёзган Давлат бошқаруви соҳасидаги мутахассис Азиза Умарова Facebook’даги саҳифасида.

«Учта ҳ...дек эркак бир кампирга пахта тердириб, камига мукофотлаб ўтиришибди. Уят-эй!», — деган Дилфуза Собирова.

Тармоқ фойдаланувчиларини, айниқса, қарияга совға сифатида Artel телевизори берилгани ғазаблантирди. «Уят! Нуроний ёшдаги онахон далада трактордек ишлаяпти! Яна токчада чанг босиб ётувчи энг сифатсиз телевизор беришибди», — дея норозилигини билдирган фойдаланувчи.

«Қариянинг кўринишидан қийналгани билиниб турибди. Телевизор ўрнига нафақасига қўшимча ҳақ беришса бўлармиди. Қишлоқда ким ҳам телевизор кўрарди? У ерда свет ҳам, одамларнинг ортиқча вақти ҳам йўқ. Улар оиласини боқиш учун қишлоқ хўжалиги билан банд», — деган яна бири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилда қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда — 800 сўмдан, иккинчи теримда — 1200 сўмдан пул берилиши белгиланганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар