Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини маълум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилган йиғилишнинг аудиоёзувига таяниб, BBC хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев олдида ким бўлишидан қатъий назар, рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилди.

Йиғилишда ҳоким ҳижоб маданиятига риоя этмаётган аёллар аниқланиб, 300 нафарининг ташқи қиёфаси ўзгартирилганини ҳисобот берган. Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган.

Шунингдек, у Марғилонда лозим, яктак ва бошига дўппи кийиб ётган беморни кийими учун шифохонадан чиқариб юборганини айтиб мақтанган. У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган.

«Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсунишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?», — дейди у Қува тумани ҳокимига. Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.

Вилоят ҳокими икки кун олдин Марғилон шаҳрида «Ипакчи» бозорида автотураргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган.

«Катта ‘автостоянка’ни биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. ‘Автостоянка’да турибди. Шаҳарнинг ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини», — дейди Шуҳрат Ғаниев. Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради.

«Ўша ‘Ипакчи’ бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг. Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг», — дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ҳокимга кўра, Фарғона вилоят ҳудудидаги бозор-савдо комплексларида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг, такси ҳайдовчиларнинг ташқи қиёфаси, ҳудуддаги ташқи реклама баннерларига ҳудуд мутасаддилари, ҳокимлар етарли даражада эътибор қаратмаяпти.

Вилоят ҳокими кунлик маълумотларга асосан Риштон тумани Бўстон қишлоғининг «Барака» бозорида диний адабиётлар билан шуғулланаётган савдо шохобчаларининг мавжудлиги аниқланганини айтган.

Унга кўра, тадбир давомида рухсат этилмаган, махсус голограммасиз диний адабиётлар савдоси билан шуғулланаётган 3 нафар шахс аниқланиб, улардан 190 дона давлат тўнтариши қиладиган китоблар мусодара қилинди.

«Риштондаги номардлар, шунақа китоблар тарқатасан уруғингга ўт тушиб кецин сен Риштондаги... Уруғингга ўт тушиб кетади сен номардларни. Қани тур, ҳов Риштоннинг ҳокими?», — дея туман ҳокимига дакки берган Ғаниев.

У маҳалла раиси ҳаммасини ишдан олиб ташлашни ва уларни 5 суткага қамашни буюрган: «Ички ишлар ва судьяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким. Маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, посбони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар».

У прокурорга китоб сотишда айбланаётган 3 нафар аёлнинг ҳаммасидан тушунтириш хати олиб, жарима солишни айтган.

Вилоят ҳокими унинг тақиқлашига қарамасдан у юборган жойларга рўмолли журналистни қўйишганига дакки берган. Аниқланишича, гап вилоят телевидениеси ишлайдиган рўмолли журналист ҳақида бормоқда.

Вилоят ҳокимига журналистнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Диего Гарсия-Саянни кутиб олиш учун аэропортга рўмол ва рангли кўйлакда чиққани ёқмаган.

Аёл ўша куни БМТ маърузачиси келгунча касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниб, аэропортдан кетказилган.

«Мен кеча битта журналистни ҳайдаб юборсам, бугун яна ўша журналистни мани автобусимда олиб юришган. Ҳайдаворсам, тадбиркорлар билан автобусда олиб юришибди, аёл кишини. Яна олиб юришибди. Мундай қилиб кириб келади, липпанглаб», — дея ўз норозилигини эълон қилган ҳоким.

Шундан сўнг туман ҳокимларига рўмол ўраган аёллар борасида огоҳлантириш берган.

«Ҳурматли ҳокимлар эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам. Маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман», — дейди Шуҳрат Ғаниев.

У ушбу сўзларини ҳоким ва ҳоким ўринбосарларига ёзиб олишни буюрган.

Шунингдек, Шуҳрат Ғаниев замонавий кийимларни реклама қилишга мўлжалланган реклама баннерлари ва плакатларда ўзбек миллий қадриятларига хос бўлмаган ташқи кўринишда, соқол билан, ҳижобда турли жойлари йиртилган ёки ямоқ солинган рекламалар кетаётганини таъкидлаб, вилоятдаги ташқи реклама билан шуғулланадиган уч фирмага 300 миллион сўмдан жарима солиш топшириғини берган.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Конституциясига амал қилмаганларни қамаш кераклигини, ёки бозорга сартарош олиб бориб биттадан юриб сочини олиб, соқолини олиб бошига Ўзбекистон Республикаси миллий қадриятларига мос бўлган қалампир нусха дўппини кийгизиб қўйиш таклифини берган.

У муаммолардан шикоят қилувчиларга ҳам алоҳида тўхталган.

«Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшишнинг ўрнига олиб борилаётган давлат ислоҳотларини муҳокама қилиб, давлат ислоҳотларига ғийбат қилиб, уларнинг туб моҳиятини тушуниб етмасдан, юртимизни жаҳон ҳамжамияти олдида қоралаш мақсадида ғайри ишлар билан шуғулланаётган шахсларда бўхтон маълумотлар етказиш урфга айланди. Пулнинг эвазига. Олдин Facebook’ка киради, ундан кейин ‘Таблиғи жамоат’ деганига ўтади. ‘Таблиғи жамоат’ дегани, жамоат бўлиб яшаш дейди. Эркак эркак билан яшайди. Унинг ҳеч қанақанги Исломга, муқаддас динимизга алоқаси йўқ унинг. Улар газандалар. Ундан кейин анунга ўтади, ‘Жабҳат ан Нусратия’ дегани бор, падарингга лаънат», — дейди ҳоким.

Шуҳрат Ғаниев яқинлашиб келаётган парламент сайловларида кимлар депутат бўлиши мумкинлигига ишора берган.

«4 кундан кейин сайловлар турибди. Сайловларда ҳам ким депутат бўлади? Мана шу масалаларда ўзини кўрсатган одамлар депутат бўлади».

Шуҳрат Ғаниев бир неча кун олдин Марғилон шаҳридаги шифохоналарнинг бирида оқ яктак-иштон ва оқ дўппи кийиб олган беморни қандай қилиб қувиб солганини йиғилганларга айтиб берган.

«‘Болница’да нима ҳаққи бор, оқ иштон, оқ лозим кийиб олиб бошида оқ дўппи кийиб олиб ётишини. Нима ҳаққи бор? Шифохонага кўрганлар келса, Марғилонда, биттаси ётибди. Мандан 5 ёш кичкина экансиз-ку, дедим. Бу нима кийим? Нечи кун бўлди, бу кийимни кийганингизга, иштон билан кўйлакни, дедим. 4 кун бўлди, деди. Нима бу кийиниш, ичкари кўриниб ётибди-ку. Сизга кириб укол қилаётган аёл бировнинг аёли, нима ҳаққингиз бор кўрсатишга, дедим. Сасиб ётибсиз-ку, дедим. Тур, чиқариб ҳайдавор, дедим. ‘Болница’дан чиқартириб юбордим. Устингдан ёзаман, палон пистон. Ёзсанг ёзавур дедим», — дейди у.

Вилоят ҳокими чақалоққа «тўғри» исм қўймаётган ота-оналарни ҳам тилга олган. Уларнинг орасида Месси ва Роналдулар ҳам бор.

«Чақалоқларга буюк аждоларимиз исмларини қўйиш ўрнига, болаларга, янги туғилган гўдакларга бошқа миллат вакилларининг, террористик ташкилот раҳбарларининг исмини қўйиш ҳолатлари — бу факт. Усома деган от қўйган. Мужоҳид деган от қўйган. Форуқ деган от қўйган. Месси деган от қўйган, Роналду деган от қўйган». Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берадиган ташкилотлардан бу исмларни ўша вақти ўзгартириш талабини қўйди ҳоким.

Ҳоким ўз ўрнида собиқ Иттифоқни ҳам эслаб ўтган. Унга кўра у вақтда оддий ҳолатлар учун ҳам одамлар терговга жалб қилинган.

Ҳоким вилоятдаги диний уламолар ва имомларни бу ҳақда гапиришга тарғиб қилади.

«Нимага индамайди олим-у уламоларимиз? Гапирса ўлиб қоладими? Бувайдани имоми гапирса ўлиб қоладими? Битта нарсани эсдан чиқарманглар. Мамлакатимиз конституциявий, демократик давлат. Бизнинг мамлакатимизда дин давлатдан ажратилган. Дунёвий давлат».

Ҳокимга кўра, жаҳонда 260 давлат бўлса ҳаммасиям дунёвий давлат эмас.

«Дунёвий давлат бўлиш жуда қийин. Дунёвий давлат дегани ҳамма тенг ҳуқуқли дегани. Лекин буни бузиб кўрсатиш ҳозир жиноий жавобгарликка тортилади», — дейди Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги ҳужраларда диний таълим олишни ҳам қоралаган. «Болаларни жиннига айлантиряпти», дейди у ҳужралар тўғрисида гапираркан. «Яна баъзи бир ҳолатларда масжидларда ҳокимият, ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ҳозирги кунда мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга беписанд қараб, ҳокимият вакилларини обрўсизлантириш масалаларига эътибор берилган».

Ғаниев ана шундай масжидлар сирасида Данғара туманидаги Саид Аҳмадхон Ҳожи масжиди, Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжидларии санаб ўтиб уларни ёпишга топшириқ берган.

«Учкўприк туманидаги Хўжа Муҳаммад Вале масжиди, Олтиариқ туманидаги Шоҳи Толиб масжиди шу туман ҳокимлари шу масжидларнинг имоми, ноиби, мутаваллиси, балосими бадтари ҳаммасини ҳайдавор», — дейди у.

Ҳокимга кўра, бу масжидларда мансабдор шахслар устидан ариза ёзиш билан шуғулланган.

«Диний вазиятни соғломлаштириш бўйича маҳаллий ҳокимият идоралари олиб бораётган тадбирларни обрўсизлантириб, ушбу йўналишда фаолият юритаётган мансабдор шахслар устидан ноқонуний аризалар ташкил этиш билан шуғулланган», — дейди Ғаниев.

Вилоят ҳокими, шунингдек, ноқонуний шаръий никоҳ ўқиган имомларни ҳам қоралаган.

У Қўштепа туманидаги Нуқрон масжиди имом хатиби, Фарғона туманидаги Дамкўл масжиди имом хатиби ва имом ноиблари ноқонуний никоҳ ўқиган, деган.

«Ҳозир Нуқроннинг ҳам ўша имомини олиб бориб қамайсан, Фарғона тумани Дамкўлнинг имомини ҳам олиб бориб қамайсан эй, иккала ҳоким. Ўзинг бориб қаматасан ҳозир. Эшитдингми, эй гапимни Фарғона туман ҳокими?», — дейди Шуҳрат Ғаниев.

Вилоят ҳокими яқин ўтган кунларда тарғибот билан шуғулланган 39 нафар фарғоналик жиноий жавобгарликка тортилиш учун ҳибсга олинганини маълум қилган.

«Агар бирорта мактабда, бирорта шифохонада, давлат идораларида у ким бўлишидан қатъий назар. Халқаро ташкилотларда, ишлаб чиқариш жойларида ноқонуний намозхона ташкил қилиб берсаларинг жиноий жавобгарликка тортиласизлар. Ё мумкинми у қонунда прокурор?», — дея прокурордан сўраган у.

Вилоят ҳокими Ғаниевнинг таъкидлашича, ҳокимият, банк, мактаб, солиқ идораларида намоз ўқийдиган хона ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузган шахслар қонун билан жазоланади. Ҳокимга кўра вилоятда жуда катта ишчи гуруҳи ишлаяпти.

«Қайси шаҳар ё туманда, агар давлат ташкилоти раҳбарлари, уларнинг ходимлари қонун бузадиган бўлса, масалан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида агар битта ноқонуний соқол қўйган одамни топсанг Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси раҳбари ва ўша касаба уюшмаси раҳбари иккаласи жиноий жавобгарликка тортилади. Фарғона шаҳар ҳокими эшитяпсизми? Агар хулоса қилинмайдиган бўлса яхшиликка олиб келинмайди», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 2018 йили Ақтўбеда юз берган фожиа ва унинг оқибатлари муҳокамасига бағишланган селектор йиғилиши ўтказган ва йиғилиш давомида Тошлоқ тумани аҳолисини «ҳароми» деб атаб, уларнинг Ҳажга боришини тақиқлаганди. 2019 йил 2 август куни Президент раислигида ўтказилган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев «снос»лар масаласига алоҳида тўхталиб, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари билан бирга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишларини «хиёнат» деб баҳолади. Президент Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилаётган вилоят ҳокимларига чора кўришни бош вазир Абдулла Арипов ва Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга топширган эди. Якунда ушбу вилоят раҳбарлари ишончни оқлаши учун йил охиригача имкон берилди. Ўзбекистон мустақиллигига 28 йил тўлиши муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев Шуҳрат Ғаниевни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлаган эди.