Рус жўғрофия жамияти ҳамда Россия ҳарбий денгиз флотининг Шимолий флоти биргаликда экспедиция ўтказаётганида куракоёқлилар синфининг энг йирик вакилларидан бўлган урғочи морж ўз болаларига яқин келиб қолган тадқиқот кемасига ҳужум қилди. Албатта, она морж болаларини ҳимоя қилиш учун шундай қилган.
Россия Шимолий флоти ва жўғрофия жамияти 1874 йилда Австрия-Венгрия империяси томонидан Юлиус Паер бошчилигида ташкил қилинган экспедиция йўналишини такрорлаш ниятида йўлга чиққан эди. Эслатиб ўтамиз, ўшанда Австрия-Венгрия экспедицияси Франц-Иосиф ери архипелагини кашф қилган эди. Русларнинг бу сафарги экспедицияси эса архипелагнинг флора ва фаунасини ўрганишни мақсад қилгани айтилмоқда; қолаверса, архипелагдаги музликлар ҳолатини ҳам ўрганишар эмиш.
Урғочи моржнинг экспедиция кемасига ҳамла қилиб, уни чўктириб юборгани ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб Business Insider тарқатган. Унда айтилишича, ўтган ҳафта экспедиция Вильчек оролидаги Геллер бурнига қирғоққа чиқишга уринаётган пайтда тўсатдан баҳайбат урғочи морж кемага ҳужум қилиб, уни шикастлаган. Экспедиция аъзолари эса қутқарув қайиғида аранг қутулиб қочиб қолган. Урғочи морж шу тахлит ўз болаларини хавфдан ҳимоя қилгани таъкидланмоқда хабарда.
Рўй берган кўнгилсизлик ҳақида рус жўғрофия жамияти қисқа пресс-релиз ҳам берган. Унда отряд командирининг тезкор ва аниқ хатти ҳаракатлари эвазига, вазият хайрли якун топгани ва бахтсизлик олдини олингани айтилмоқда. Экспедициянинг барча аъзолари эсон-омон энг яқин қирғоққа етиб олишган.
Ҳарбий флот вакиллари эса кемани дарғазаб моржлар ҳужумидан сақлаб қолишганини хабар қилиб чиққан. Бироқ улар барибир экспедиция кемасининг ўзи якунда барибир чўкиб кетганини яширишга уринган.
Ҳодисадан кейин эндиликда экспедиция «Олтой» қутқарув буксирида тадқиқотни давом эттирмоқда экан.
Изоҳ (0)