Украинанинг Киев вилоятида Мудофаа ишлари бўлими 5 ёшли болани ҳарбий хизматга чақирди. Болакайнинг онаси ўғли номига келган чақирув қоғозини суратга олиб уни Facebook’даги саҳифасига жойлаштирган, деб ёзмоқда «Life.ru».
«Бу ҳолат юзасидан фақат изоҳга ҳожат йўқ дейиш мумкин. Ўғлимнинг номига ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди, қизиғи у ҳозир 5 ёшда», — деб ёзган аёл.
Кейинчалик, бунга техник хато сабаб бўлгани аниқланган, аҳоли рўйхатида болакай туғилган йил 2013 йилдан 2003 йилга ўзгариб қолган.
Қишлоқ фуқаролар йиғини хатолик учун узр сўраган ва болакайнинг онасидан бу каби ҳолатлар қайд этилган вақтда ижтимоий тармоқларда «жар солмасдан» маъмуриятга қўнғироқ қилишни тавсия этган.
«Бошқалар ишига ҳурмат назари билан қарайдиган одамлар шундай йўл тутган бўларди. Фақат ҳеч бир иш қилмаган одамгина хатосиз бўлади. Техник хатолик учун узр сўраймиз», — дейилади ҚФЙнинг Facebook’даги саҳифасида.
Изоҳ (0)