Термиз шаҳрида иккинчи бор ўтказилаётган Open South International Business Forum II бизнес форумида хорижий давлатлар бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Бизнес форумда дунёнинг 21 та давлатидан иштирок этаётган 170 дан ортиқ салоҳиятли хорижий инвестор ва компаниялар, халқаро молиявий ташкилотлар, чет эл давлатларининг Ўзбекистондаги дипломатик корпус ва савдо уйлари вакиллари иштирок эди. Хусусан Афғонистон Ислом Республикасининг Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Исхоқ Раҳгузар, Самангон вилояти ҳокими ўринбосари Хожи Сифатуллоҳ Самангани, Фарёб вилояти ҳокими ўринбосари Абдул Муқим Роцех, Жоузжон вилояти ҳокими ўринбосари Абдулқодир Молия, Тожикистоннинг Хатлон вилояти ҳокими ўринбосари Ражабали Ражабов, Бангладеш Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан, Венгрия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сзанто Петер, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори шулар жумласидандир.
Форум доирасида 13 та давлат билан 352 миллон доллардан ортиқ 70 та инвестицион шартнома имзоланиб, ўтказилган B2G ва B2B кооперацион биржа ҳамда сурхондарёлик товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий тайёр маҳсулотлари кўргазмаси давомида қатор иқтисодий келишувларга эришилди.
Ўтган йилда ўтказилган «Очиқ жануб» I халқаро бизнес форумида озиқ-овқат, текстиль, қурилиш, чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, замонавий иссиқхона, интенсив боғ ташкил этиш, шунингдек, чинни буюмлар, пластик ромлар, музқаймоқ, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича имзоланган 351 миллион долларлик 47 та инвестицион ҳамда 214 миллион долларга тенг 44 та ташқи савдо шартномаси асосида ҳозирда бир қатор ишлар амалга оширилган. Бизнес форум доирасида имзоланган меморандумлар асосида вилоятда 100 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.
21—22 сентябрь кунлари ўтказилган форум доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш, тайёр тикувчилик маҳсулотлари, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан қатор шартнома ва меморандумлар имзоланиши режалаштирилганди.
Изоҳ (0)