Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Отабек Муродов қамоққа олинган. Бу ҳақда аввалроқ «Jahon.uz» нашри хабар берган эди, буни «Kun.uz»нинг манбаси ҳам тасдиқлаган.

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Хабар беришларича, суд томонидан собиқ бош прокурорга қўлланилган уй қамоғи сифатидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилган ва у 18 сентябрь куни қамоққа олинган. Бу хабарлар юзасидан ҳозирча на Бош прокуратура ва на Олий суд матбуот хизмати изоҳ берди.

Отабек Муродов 2018 йил январидан 2019 йил ёзига қадар Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган, шу йилнинг 20 июнида лавозимидан озод этилган эди. 21 июнь куни эса Президент Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқишида собиқ бош прокурорни танқид қилиб, у порахўрликда айбланаётгани ва унга нисбатан жиноий иш очилганини айтганди.

Кейинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродов ўзидан аввалги Ўзбекистон бош прокурори, ДХХ собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётгани ҳақида маълумот берган эди.