«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Эрих Мария Ремаркнинг «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романи ҳақида ҳикоя қилади.
Флешбэк
Ушбу романни илк бора болаликда қизиқарли саргузашт асар сифатида ўқиган бўлсам, орадан йиллар ўтиб улғайгач ўқиб чиққанимда ундан бутунлай бошқача таассурот олганман. Ремарк кўз олдимда ҳақиқий пацифист, урушдан нафратланадиган даражага келган инсон сифатида намоён бўлган. Инсоният тарихидаги урушлар оддий халқ вакиллари учун ҳеч қачон фойдаси йўқлиги, аксинча, улар одамларга фақат кулфат олиб келиши мумкинлигини англаб етганман. Романни дунёдаги жамики инсонлар ўқиб чиқиб хулоса қилишини хоҳлаган бўлар эдим.
Асар ҳақида
«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» Эрих Мария Ремаркнинг 1929 йилда нашр этилган романи. Кириш сўзида муаллифнинг «Бу китоб айбнома ҳам, афвнома ҳам эмас. Бу шунчаки уруш дастидан жувонмарг бўлган авлод ҳақидаги, гарчи замбарак ўқидан омон қолса-да, шу урушнинг қурбонига айланганлар тўғрисидаги кўнгил изҳоридир», деган сўзларидан-да сизни қандай қийин асар кутиб турганини ҳис этасиз. Урушга қарши руҳда ёзилган романда Биринчи жаҳон уруши ўз домига тортган ўспиринлар образи орқали уруш даҳшатларини бошидан кечирган, руҳан эзилган, жамиятдан бегоналашган ва болалик орзу-умидлари чилпарчин бўлган бутун бир «йўқотилган авлод»нинг аянчли қисмати маҳорат билан акс эттирилган. Асар ёш аскар Пауль Боймернинг бошидан кечирган воқеалар, шунингдек, унинг Биринчи жаҳон урушидаги фронтдошлари ҳақида ҳикоя қилади.
Эрнест Хемингуэй сингари, Ремарк ҳам «йўқотилган авлод» тушунчасини урушда олган жароҳатлари туфайли тинч ҳаётга кира олмаган ёшларни тасвирлаш учун ишлатган. Ремаркнинг иши шу тариқа Веймар республикаси даврида ҳукмронлик қилган ўнг қанот консерватив ҳарбий адабиётга нисбатан кескин қарама-қарши эди; улар қоида тариқасида Германия ютқазган урушни оқлашга ва ўз аскарларини қаҳрамонлаштиришга ҳаракат қилар эди. Ремарк эса оддий бир аскар номидан уруш воқеаларини ҳаққоний тасвирлайди.
Сюжет
Биринчи жаҳон уруши авжида. Германия аллақачон Франция, Россия, Англия ва Америкага қарши курашмоқда. Ҳикоя номидан олиб борилаётган қаҳрамон Пауль Боймер ўз шерикларини таништиради. Бу ерда мактаб ўқувчилари, деҳқонлар, балиқчилар, турли ёшдаги ҳунармандлар тўпланган. Гуруҳ таркибининг деярли ярмини йўқотган. Инглизлар билан даҳшатли жангдан кейин ҳарбий ҳаракатлар марказидан 9 километр узоқликда дам олишяпти.
Инглизлар ҳужуми пайтида бўлган йўқотишлар туфайли улар икки марта кўпроқ овқат ва сигаретага эга бўлади. Аскарлар ухлайди, тўйиб овқатланади, чекади ва қарта ўйнайди. Мюллер, Кропп ва Пауль ярадор синфдошининг олдига боради. Тўрт синфдош синф раҳбари Канторекнинг «самимий гаплари»га ишониб, битта ротага тушган эди. Йозеф Бем урушга боришни хоҳламаганди, лекин пировардида рози бўлишдан бошқа иложи қолмаган, акс ҳолда унинг учун ҳамма эшиклар бекиларди.
У биринчи бўлиб ўлдирилади. Кўзларидаги жароҳатлар туфайли яширинишга жой топа олмайди ва отиб ташланади. Кроппга ёзган хатида собиқ устози Канторек уларни «темир йигитлар» деб номлаб, саломларини йўллайди. Минглаб Кантореклар шундай қилиб ёшларни алдаба урушга жўнатган.
Йигитлар бошқа синфдоши Киммерихни дала шифохонасида оёқларини кесиб ташлаган ҳолда топади. Франц Киммерихнинг онаси Паулдан «ахир у ҳали бола-ку» деб, унга қараб юришни сўрайди. Аммо бу ишни қандай қилиб эплаб бўлади? Францга бир қараш у яшаб кетмаслигини тушуниш учун етарли эди. Франц ҳушсиз ётганда унинг энг севимли совға сифатида олинган соати ўғирланади. Унинг чармдан бўлган ажойиб инглизча этиклари жойида эди, бироқ энди улар унга керак эмас. У ўртоқлари кўз ўнгида ўлади. Руҳан тушкунликда, улар Францнинг этиклари билан казармага қайтади.
Казармага янги-янги аскарлар кела бошлайди. Ўлганлар тириклар билан алмаштирилади. Ёлланганларнинг бири айтадики, улар фақатгина шолғом билан кун кўрмоқда. Кропп урушнинг ўзига хос йўлини таклиф қилади: генераллар ўзлари бир-бири билан жанг қилсин ва ютган ўз мамлакатини ғолиб деб эълон қисин. Ҳозир урушни бошламаган ва унга умуман керак бўлмаган бошқалар улар учун курашмоқда.
Янги аскарлар билан тўлдирилган рота сапёрлик ишлари учун одимлайди. Тажрибали Кат аскарларни ўқ ва портлаш овозларини аниқлашни ва улардан қандай эҳтиёт бўлиш кераклигини ўргатади. «Фронтнинг ноаниқ овози»ни тинглаб, у тунда «чекиб олишга вақт берилишини» тахмин қилади.
Пауль олдинги чизиқдаги аскарларнинг хатти-ҳаракатлари, уларнинг барчаси инстинктив равишда снаряд ҳуштак чалганда ётиб оладиган ер билан боғлиқлиги ҳақида ўйлайди.
Кат кутганидек, қаттиқ отишма бошланди. Кимёвий бомбалар портлайди. «Газ, газ!» қичқириқларини эшитган ҳамма ниқобнинг мустаҳкамлигига умид қилади. Аскарлар тепаликка чиқиб олиши керак, аммо у ерда ҳам даҳшатли отишма кетмоқда.
Йигитлар синфдан қанча одам қолганини ҳисоблайди. Етти киши ўлган, бири жиннихонада, тўрт киши ярадор – саккиз нафари қолган. Дам олишади. Улар шамга қопқоқ ёпиштиради, у ерга битларни ташлайди, умуман, шу каби йўллар билан кўнгил ёзади.
Ҳужум тайёрланмоқда. Мактабда қатрон ҳиди анқиган тобутлар икки қават қилиб ётқизилган. хандақда каламушлар кўпайиб кетган; уларга қарши курашишнинг ҳеч қандай йўли йўқ. Отишма туфайли аскарларга овқат етказиб бўлмайди. Французларнинг ҳужуми туфайли улар захира чизиғига ташланади. Контрҳужумдан сўнг йигитлар консерва ва ичимликлар кўринишидаги ўлжалар билан қайтиб келади. Ўлганлар катта ўрага ётқизилган, у ерда улар аллақачон уч қаватни ҳосил қилган.
150 кишилик гуруҳдан атиги 32 киши қолган.
Паулни офисга чақиришади, унга таътил гувоҳномаси ва сафар ҳужжатлари берилади. У машинанинг деразасидан «ёшлигининг чегара постлари»ни ҳаяжон билан кузатади. Мана унинг уйи. Онаси касал. Уларнинг оиласида ҳис-туйғуларни ифодалаш одатий ҳол эмаслиги боис онасининг «азиз ўғлим» деган сўзларида унга кучли таъсир қилади. Отаси ҳарбий кийимдаги ўғлини дўстларига кўрсатмоқчи, лекин Пауль ҳеч ким билан уруш тўғрисида гаплашмоқчи эмас. У ресторанларнинг сокин бурчакларида, пиво устида ёки бўлмаса ўз хонасидан ёлғизлик излайди. Немис ўқитувчиси уни пивохонага чақиради. У ерда таниш ватанпарвар ўқитувчилар қандай қилиб «французларни калтаклаш» ҳақида мунозара қилади. Улар уни пиво ва сигарета билан меҳмон қилишади, шу билан бирга, Бельгияни, Франциянинг кўмирга бой ҳудудларини ва Россиянинг йирик қисмларини эгаллашни режалаштиришади.
Пауль дўсти Киммерихнинг онасини зиёрат қилиб, ўғлининг юракдан олган жароҳатдан дарҳол ўлим топгани ҳақида гапириб беради. Унинг ҳикояси шунчалик ишонарли эдики, она ишонади.
Ўзини урушга тайёрлаган казармага боради. Унинг яқинда рус ҳарбий асирларининг катта лагери жойлашган. Пауль рус асирлари лагерида туриб, бу «болаларининг юзлари ва ҳаворийларнинг соқоллари»га эга одамларга қараб, оддий одамларни душман ва қотилга айлантирган одамлар кимлиги ҳақида ўйлайди. У сигареталарни синдириб, яримтадан тўр орқали русларга ирғитади.
Пауль ўз қисмига қайтиб, эски дўстлари билан учрашади. Улар бир ҳафта парад майдончасида машқ қилади. Кайзер келиши муносабати билан янги кийимлар олишади. Кайзер аскарларда ҳеч қандай таассурот қолдирмайди. Урушларни кимлар бошлагани ва нима учун урушларга эҳтиёж борлиги тўғрисида тортишувлар яна авж олади. «Француз меҳнаткашини олинг, нега у бизга ҳужум қилиши керак! Буларнинг барчаси расмийлар томонидан ўйлаб топилган», каби сўзлар янграйди.
Миш-мишларга кўра, улар Россияга юборилади. Лекин аслида улар жуда қайноқ нуқталарга, олдинги чизиққа юборилади. Йигитлар у ерда разведкага боради. Тун, ракеталар, отишма. Пауль адашиб қолади ва уларнинг хандақлари қайси томондалигини билмайди. Пауль кунни ўра ичида – сув ва лойда ўтказади. У тўппончасини йўқотиб қўйган ва мабодо қўл жанги бўлиб қолса деб пичоғини тайёрлаб қўйган эди. Адашиб қолган француз аскари у ётган чуқурликка тушиб қолади. Пауль унга пичоқ билан ташланади. Тун тушиши билан Пауль ўз хандақларига қайтади. У ҳайратда – биринчи марта аслида унга ҳеч нарса қилмаган одамни ўлдирди...
Аскарлар озиқ-овқат омборини қўриқлаш учун юборилади. Уларнинг таркибидан олти киши тирик қолади: Кат, Альберт, Мюллер, Тьяден, Леер, Детерлинг – барчаси шу ерда. Улар қишлоқда энг ишончли бетон ертўлани топади. Қочиб кетган аҳолининг уйларидан тўшаклар ва ҳаттоки кўк ипакдан тикилган чойшаблар билан ўралган кроватлар топиб келишади. Пауль ва Кат қишлоқни разведка қилишга боради. Улар оғир артиллерия ўқлари остида омборхонадан иккита чўчқа боласини топади. Ажойиб тушлик тайёрланади. Қишлоқ ўққа тутилиб ёниб кетади, омбор эса хароб бўлади. Энди бу ердан хоҳлаган нарсани олиб кетиш мумкин. Бундан соқчилар ҳам, ўтиб кетаётган ҳайдовчилар ҳам фойдаланади. Бу мисоли ўлат пайтидаги базм эди.
Бир ой ўтгач, базм тугайди ва улар яна олдинги чизиққа олиб кетилади. Улар кетаётган колонна ўққа тутилади. Альберт ва Пауль Кёльн монастири касалхонасига тушиб қолади. Бу ерга доимий равишда ярадорларни олиб келишади, ўликларни олиб кетишади. Альбертнинг оёғини энг юқори қисмигача кесиб ташлашади. Соғайиб кетганидан кейин Пауль яна биринчи қаторларда жанга ташланади. Вазият умидсиз. Америка, Англия ва Франция полклари урушдан чарчаган немислар устига бостириб келмоқда. Мюллер ёритувчи ракета билан ўлдирилади. Болдиридан яраланган Катни Пауль орқасига опичиб оловдан олиб чиқишга югуради, аммо шу пайт Кат бўйнига урилган снаряд парчасидан вафот этади. Паул урушга борган синфдошларининг ичида тирик қолган энг охиргиси бўлиб қолади. Шу кунларда ҳамма яқинлашиб келаётган сулҳ ҳақида гапира бошлайди.
Пауль 1918 йил октябрда ўлдирилади. У пайтларда фронт сокин ва ҳарбий хабарлар қисқа эди: «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ».
Таҳлил
Ремаркнинг ушбу романида урушга қарши ўта кучли протест бўлиб, у инсоният табиатидаги бузғунчиликка урғу беради. Ҳикоя қилувчи орқали уруш ҳақидаги романтик ғоялар, ватанпарварлик ва шараф ҳақидаги баландпарвоз нутқлар хандақдаги даҳшатли воқеликлар орасида йўқолиб кетишини жуда катта маҳорат билан ёритиб беради.
Ремарк аслида аскарлар ватанпарварлик руҳидаги абстракт ғоялар учун курашмаётганини, улар шунчаки тирик қолишга ҳаракат қилаётганини таъкидлайди. Озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана топиш муаммолари ҳам, душман олови ва бомба портлашининг олдини олиш билан бир қаторда, аскарларнинг асосий муаммоларидир. Романдаги ҳеч нарса уруш тажрибасини улуғвор ва романтик қилиб кўрсатмайди. Ҳатто Пауль ва унинг ҳамроҳлари ўртасидаги самимий дўстлик ҳам. Чунки бунинг учун сиз даҳшат ва доимий азоб-уқубатлар кўринишидаги юқори нархни тўлашингиз кераклиги таъкидланади.
Асар давомида Пауль шахсияти урушнинг олдин унда кузатилмаган ҳолатларни ҳис қилишга мажбурлаши билан тўқнаш келади. Урушдан олдинги воқеаларни эслаб, олдин у умидсиз аскар эмас, мутлақо бошқа одам бўлганини сезади. Пауль меҳрибон ва соҳир қалб эгаси эди. Урушдан олдин у оиласини севган ва шеърлар ёзган, аммо уруш сабаб пайдо бўлган даҳшат туфайли ақл-идрокини сақлаб қолиш учун ҳис-туйғуларидан четга чиқишни ва омон қолиш ўрганади.
Паулнинг бошидан ўтган воқеалар ўсмирлик чоғида урушда жанг қилишга юборилган ва катталар билан жанг қилишни ўрганган, «йўқотилган авлод» деб номланган бутун бир авлоднинг тажрибасини акс эттиради. Урушда қанча узоқ умр кўрса, шунчалик ундан нафратланади ва азобланади. Бу азоблар эса унинг тенгдошларини уруш хароб қилганига ва уларнинг онгини уруш бузганига бўлган ишончдан келиб чиқади.
Ремарк, шунингдек, икки авлод ўртасидаги уруш очган чуқур жарликни тасвирлайди ва урушни ёш авлодга хиёнат сифатида баҳолайди. Пауль давридаги авлод ўзи ишонадиган ва обрўли шахслар деб ҳисоблайдиган одамларнинг босими туфайли урушга кетади. Уларни етукликка олиб бориши керак бўлган одамлар аслида ватанпарварлик бурчи ҳақидаги бўш шиорлар остида ўлимга маҳкум қилади. Паул ва унинг дўстлари душманлари ҳақида гаплашганда улар бошқа тарафдаги аскарларни назарда тутмайди, аксинча, ўзларининг юқори мартабали бошлиқларини нишонга олади. Улар учун барча аскарлар, келиб чиқиши ва томонидан қатъий назар, қурбонлардир.
Асарда символизм кўп ишлатилмаса ҳам, муҳим белгилардан ҳисобланади. Киммерихнинг этиклари бўлиб, улар ўлган аскардан тирик аскарга ўтади. Киммерихнинг ўзи уларни ўлик парашютчидан олади ва у ўлган заҳотиёқ Мюллер уларни қўлга киритишга ҳаракат қилади. Пауль уларни Мюллерга топширади ва у ўлгандан кейин ўзига мерос қилиб олади. Шу маънода бу эпизодлар бир жуфт этик инсон ҳаётига қараганда қимматроқ ва узоқроқлигини, урушда инсон ҳаёти мутлоқ аҳамиятсизлигини англатади. Аммо бу этиклар, шунингдек, вайронагарчилик ва ўлимдан келиб чиқадиган ҳис-туйғуларга берилиб қолмасдан, аскар омон қолиши учун керак бўлган прагматизмни ҳам англатади.
Пауль жосус сифатида бирор давлатнинг ерига кириши у уруш пайтида амалга ошириши керак бўлган энг хавфли ҳаракатлардан бири эди, чунки у ҳар икки томондан ҳам ҳужумлар нишонига айланади. Қайсидир маънода бу миллатчиликнинг рад этилишини англатади: у Германия ҳудудидан чиқиб, бошқа миллат томонидан бошқарилмайдиган маконга киради. Ушбу миссия, шунингдек, Пауль романдаги энг оғир воқеаларни бошдан кечириши учун шароитларни таъминлайди: биринчи марта у одамни юзма-юз жангда ўлдиради ва бу уни ҳаётга муҳаббатнинг ҳақиқий нархини тушунишга мажбур қилади.
Пауль рус асирлари олдида бўлганида улар унинг душманлари эканига деярли ишонмайди. У ва унинг ҳамроҳлари иккала томоннинг ҳам аскарларига бир хил ғоялар учун курашиш буюрилганини англаб етади. Бу фикрлардан кейин улар учун ким ҳақ ёки ноҳақлигини аниқлашнинг иложи йўқ эди. Охир-оқибат, миллиятчилик ғоялари шунчаки ҳокимиятдаги ва ҳокимиятга келишни хоҳловчи лидерлар томонидан фуқароларни ишонтириш ва урушга олиб боришда ишлатадиган воситалар бўлиб хизмат қилишини англаб етишган эди.
Уруш аслида ўзлари умуман жангга кирмайдиган бир неча эркаклар учун фойдалидир; бу бемаъниликнинг энг ёмон тарафи шундаки, бир неча кишининг қарори билан урушда миллионлаб оддий аскар қурбон бўлади. Мана бизга қандай постулатларни беради бу ажойиб роман.
Хулоса
Романнинг муваффақиятини тушунтириш жуда осон: Ремарк романда нимани ўйлаган бўлса, шуни ёзган. Нафақат романни ёзаётганда, балки душман аскарлари сафидаги ундан фақатгина кийимларини ранги билан ажралиб турадиган ҳалол одамларни кўрганида ҳам уларга нимани ўйласа, шуни айтган. Қандай қилиб ҳаёт деб аталмиш биз биладиган ноаниқ фаолиятда баъзи бир ақлга сиғмайдиган ўсимликлар қутбларнинг музли юзасига мослашгани каби, инсоният урушга ҳам мослаша олганини рўй-рост айтиб берган эди. Романнинг катта муваффақиятига қарамай, Германияда ҳокимият тепасига нацистлар келгач, Ремаркни ўз мамлакатида шунчалик ёмон кўра бошлашдики, у аввал Швейцарияга, кейинчалик АҚШга кўчишга мажбур бўлди.
Биринчи жаҳон урушидан кейинги Германияда ҳеч ким урушни эслашни истамас эди. Ремарк одамларни уруш ҳақида яна бир жаҳон уруши бошланишидан олдин ўйлашга мажбур қилди. Аммо у натижага эриша олмади. Эрих Мария Ремарк ўзининг энг катта ютуғига эриша олмади. Гитлер ҳокимият тепасига келгач, Ремарк қувғинга учради, унинг китоблари намойишкорона ёқилди. Унинг асарларида урушнинг қораланиши Вермахт учун зарар эди. Аслида ўша пайтдаги немис халқи айни шу асардан хулоса қилганларида эди, асардаги каби Пауллар иккинчи жаҳон урушида ҳам миллионлаб жонларини қурбон қилмасмиди...
Иқтибослар
Қўлимиз – тупроқ, вужудимиз – лой, кўзларимиз – ҳалқоб. Ўликмизми, тирикмизми – билмаймиз;
Киши танҳо қолганда табиатдан юпанч қидиради;
Мен ёшман – эндигина йигирмага кирдим, лекин кўрганларим қон, ўлим, қўрқув ва мудҳиш азоб-уқубатдан иборат нурсиз, бемақсад ҳаёт бўлди. Кимдир бир халқни иккинчисига гиж-гижлайди, одамлар бировнинг иродасига бўйсуниб, бир-бирини ўлдиради, лекин жиноят қилаётгани ва гуноҳга ботаётгани ҳақида ўйламайди. Инсониятнинг энг доно вакиллари янги-янги қуролларни яратади ва буни оқлаш учун қоп-қоп сўз топади. Жазосини биз тортамиз, ер юзидаги жамики тенгдошларим тортади;
Шиддатли отишма. Душман йўлини тўсувчи ўт. Ўқ ёмғири. Мина. Газ. Танклар. Пулемётлар. Қўл гранаталари. Бу сўзлар оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетади, аммо шуларнинг дастидан инсоният озмунча азият чекдими!
Давлат ва ватан битта нарса эмас.
- Ремарк ўз асарларини учи ўткир қалам билан ёзишни афзал кўрар эди. Ремаркка ғоят катта муваффақият олиб келган «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» романини у атиги олти ҳафта ичида ёзиб тугатган;
- Ремарк Биринчи жаҳон урушида қатнашган ва у уруш давомида беш марта жароҳат олган;
- 1943 йил 16 декабрь куни Берлин қамоқхоналарининг бирида 43 ёшли тикувчи Эльфрида Шольц гильотина ёрдамида қатл қилинган эди. Судья унга «Бахтга қарши, аканг бизнинг қўлимиздан қочиб, мамлакатни тарк этди, лекин биз сени қўлга туширдик» дегани ҳақида гувоҳликлар бор. Давлат унинг опасига Эльфридани турмада сақлаш, суд ва қатл қилиш харажатларини қоплаши учун 495 марка ва 80 пфеннинглик ҳисоб варақаси жўнатган. Унинг ягона акаси, ёзувчи Эрих Мария Ремарк эди;
- Меркурий сайёрасидаги кратерлардан бирига Эрих Мария Ремарк номи берилган.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга доир:
«Китобни ёқишдан ҳам каттароқ жиноят бор». «Фаренгейт бўйича 451 даража» асари ҳақидаЁлғизлик – ичимизда. «Ёлғизликнинг юз йили» романи ҳақида
«Мафия ўлмасдир». «Чўқинтирган ота» романи ҳақида
«Ариқдаги сув қандай мазали! Барчаси раҳбаримизнинг доно раҳбарлиги туфайли». «Молхона» асари ҳақида
Реал фожиага асосланган шедевр. «Америка фожиаси» ҳақида
Жиноят ҳуқуқи ҳақида ўйлар. «Жиноят ва жазо» романи ҳақида
Матонат – муваффақиятга эришишнинг ягона йўли. «Мартин Иден» романи ҳақида
«Уста ва Маргарита» ХХ асрнинг энг буюк романими?
«Ниҳоят у денгизда ҳеч қачон ёлғиз қолмаслигини тушунди…» «Чол ва денгиз» романи ҳақида
Изоҳ (0)