Қозоғистонда келин-куёв тўй куни болаларни хурсанд қилишга қарор қилди ва интернет фойдаланувчиларини таъсирлантирди, деб ёзмоқда Tengri Mix.
Ижтимоий тармоқларда янги турмуш қурганлар тўй куни Қозоғистондаги таълим муассасаларидан бирига ташриф буюриб, у ердаги тарбияланувчиларни кўргани келгани акс этган видео тарқалди. Улар қуруқ қўл билан бормаган. Келин-куёв ҳар бир ўқувчини исми билан чақириб, уларга мактаб сумкаси совға қилган.
Видеода болалар бир қатор бўлиб совғаларини олишни интиқлик билан кутаётгани акс этган. Совға олаётганда эса улар келин-куёвни қўл бериб тўйи билан табриклаган. Келин болаларни ўпа туриб кўз ёшларини тия олмаган. Унинг турмуш ўртоғи ҳам болаларга совғалар улашган.
Тарбиячилар бундай меҳрибончилик учун янги оилага миннатдорчилик билдирган. Шунингдек, видеодан кўринишича, тарбияланувчилардан бири уларга шеър айтиб, қоғоздан ясалган гул ва балерина суратини тақдим этган.
Тўй Қозоғистоннинг айнан қайси шаҳрида ўтказилганлигига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)