Қашқадарё ҳокими Зафар Рўзиев Ҳиндистоннинг Халқаро бизнес палатаси раҳбари Манпрет Сингҳ Нагига вилоятда Ҳиндистоннинг номдор тиббий клиникалари фаолиятини йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ҳоким Зафар Рўзиев Манпрет Сингҳ Наги билан Муборак туманида бўлиб ўтаётган халқаро бизнес форум доирасида учрашган.
— Бизнинг вилоятимиз доривор гиёҳларга бой ҳудуд. Айниқса, тоғли ҳудудларимизда кўплаб доривор ва фойдали ўсимликларни кузатиш мумкин. Келинг, халқимизнинг эҳтиёжи ва юртимизнинг бой табиатини ҳисобга олиб, номдор клиникаларингиз филиалларини шу ерда очайлик, — деди вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокимининг таклифи Манпрет Сингҳ Нагига маъқул келган.
Маълум бўлишича, сентябрь охирида 20 кишилик делегация Қашқадарёга ташриф буюриб, вилоят тоғларидаги доривор гиёҳларни ўрганади. Сўнгра доривор гиёҳлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш йўналиши бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, келишув имзоланиши назарда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, Муборак туманида бўлиб ўтаётган халқаро бизнес форумда 20 дан ортиқ давлатдан 30 дан зиёд хорижий инвесторлар қатнашмоқда.
Маълумот ўрнида, 27—28 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳри ҳам хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни кўзда тутувчи халқаро бизнес форумга мезбонлик қилади.
Изоҳ (0)