Шу кунларда ОАВ Барбадос яқинида ҳосил бўлган «Дориан» тўфони ҳақида ёзмоқда. Унинг марказида шамол тезлиги 285 километр/соатга етаётгани ва тўфон шиддати билан Багама оролларига ёпирилгани, катта вайронкорликка сабаб бўлгани маълум қилинди. Таассуфки, бу ҳудудда ва ушбу мавсумда бу каби кучли пўртана ва тўфонлар одатий ҳол бўлиб, ҳар йили 1 июндан ноябрь охирига қадар Шимолий Американинг шарқий соҳилларига Атлантика океанидан келиб ёпириладиган тўфон ва қуюнлар таҳдид солади.

2005 йилда Катрина тўфони моҳиятан Янги Орлеанни Ер юзидан супуриб ташлаган эди. Океан тўлқинлари тўғонларни бузиб ўтиб, жуда катта ҳудудни сув босди ва миллионлаб одам бошпанасиз қолди. 1 800 нафар одам ҳалок бўлганди ўшанда.

Бироқ ўша Катрина тўфони энг вайронкори бўлган дейиш ҳам қийин. Тарихан маълумки, Кариб ҳавзасидаги мамлакатлар муттасил тўфонлардан талафот кўриб келган. Бу борада XVIII асрда Кариб оролларига ёпирилган мислсиз торнадодан бошлаб 2012 йилги Сенди тўфонигача бўлганларини ёдга олиш мумкин.

Тўфон – тропик уюрмали пўртана бўлиб, ундаги шамол тезлиги 119 километр/соатдан ортади. Ғарбий Атлантика ва Тинч океанининг шарқий қисмида уни қуюн ёки торнадо деб аташади; Ҳинд океанида ва Тинч океанининг жанубий қисмида тўфонни циклон дейишади. Тинч океан ғарбида эса бу офат тайфун номини олган.

Қуйида инсониятнинг яқин ўтмишида рўй берган энг кучли 10 та тўфон ҳақида сўз боради. Улар балки тарихан энг кучли ва энг ҳалокатлиси бўлмаслиги мумкин; бироқ уларнинг барчаси тарихда ўзига хос из қолдиргани тайин.

10. Харви тўфони – 2017 йил август

Фото: Google Photos

Харви тўфони йўл-йўлакай куч тўплаб, 2017 йил августи охирида Мексика кўрфазига ёпирилган. У АҚШ континентал ҳудудига етиб келганида максимал кучга эришганди. Ўшанда унинг тезлиги 215 километр/соатга етган ва энг катта талафотни Хюстон шаҳри кўрган. Харви нақ тўрт кун қутурган шамол билан Хьюстонга 127 сантиметр ёғин ёғдирган. 30 мингдан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолган. Энг катта зарарни Техас штати кўрган; бундан ташқари, Луизиана, Алабама ва Теннеси штатларига ҳам катта зиён етган. Харви тўфони 82 одамнинг ҳаётига зомин бўлган. У келтирган зарар 121 миллиард доллар деб баҳоланган. Шунга кўра, Харви тўфони иқтисодий зарар кўлами бўйича Катрина тўфонидан кейинги иккинчи ўринда туради.

9. Сэнди тўфони – 2012 йил октябрь

Фото: Google Photos

Сэнди аввал Ямайка ва Куба соҳилларидан анчайин суст тўфон сифатида ўтиб борган. Бироқ у шимол томон ҳаракатланиб бориб, октябрь ўрталарида Нью-Жерси штати ва ҳатто Нью-Йорк ва Канада чегарасигача ёпирилди. У туфайли бутун Кариб ҳавзасида 650 000 дан зиёд уй вайрон бўлди, 186 одам ҳалок бўлди, мамлакатларга жами 65 миллиард доллар миқдорида зарар келтирилди.

8. Камилла тўфони – 1969 йил

Фото: Google Photos

Бу тўфон ҳам Мексика кўрфазига ёпирилган ва кейин АҚШнинг континентал қисмига йўл олган. Камилла 1900 йилдан буён Шимолий Америкага ёпирилган 5-даражали учта тўфондан биридир.

Камилла тўфони аввалига 1969 йил августида Кайман ороллари яқинида пайдо бўлган; у Куба осмонида пайдо бўлганида аллақачон 3-даражали кучга эришганди. Кейинчалик у Миссисипи ёқалаб АҚШнинг Виржиния штатигача бориб етган. Йўл-йўлакай ўртача 51 сантиметр ёғин ёғдириб ўтган. Камилла тўфони оқибатида 51 киши ҳалок бўлган, 1,4 миллиард доллар миқдорида зарар кўрилган.

Айнан Камилла тўфонидан кейин ҳозирда фойдаланиладиган Саффир-Симпсон шкаласи ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, тўфон кучи айнан шу шкала бўйича баҳоланади. Унинг мақсади одамларга уларни қандай даражадаги хавф кутаётганини хабар қилиб қўйишдан иборатдир.

7. Гилберт тўфони – 1988 йил

Фото: Google Photos

Юқоридаги тўфонларда унинг ваҳимасини билдирувчи бир неча белгини келтирдик. Яъни, ундаги шамол тезлиги, ёғин миқдори, ҳалок бўлганлар сони ва иқтисодий зарар кўлами. Тўфон ваҳимасини билдирадиган яна бир белги борки, у ҳам бўлса унинг ўлчамларидир. 1988 йилда Кабо-Верде яқинида пайдо бўлган Гилберт тўфонининг ўлчамлари 926 километр диаметрга эга бўлганди. Бу дегани, тўфон, масалан, Ямайка оролини бутунлай қоплаб олиши мумкин эди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлган ва ўша йилнинг сентябрь ойида Ямайка давлати бус-бутунича Гилберт тўфони исканжасида қолган. Бунинг оқибатида мамлакатдаги уйларнинг деярли 80 фоиз қисми вайрон бўлган. Кейин эса у бироз кучсизланиб, Кайман ороллари ва Мексикага етиб борган.

Гилберт жами 318 одамнинг ҳаётига зомин бўлган; улардан 200 нафари Мексикадаги тошқинлар туфайли, 28 нафари эса денгизда қолиб кетган кемаларнинг тўқнашуви туфайли ҳаётдан кўз юмган. Умумий иқтисодий зарар 5,5 миллиард долларга етган.

6. «Меҳнаткашлар куни» тўфони, 1935 йил

Фото: Google Photos

Ушбу тўфон ҳам энг юқори – 5-даражага эга бўлган ва у 320 километр/соат тезлик билан АҚШ қирғоқларига келиб урилган. Унинг натижасида 400 дан кўпроқ одам ҳалок бўган. Зарар эса 6 миллиард долларга етган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти қирғоққа яқин жойда автострада қураётган ишчилар бўлган. Уларнинг кўпчилиги тўфоннинг ўзи туфайли эмас, балки тиббий ёрдам кечиккани сабабли вафот этган эди ўшанда. Тиббий ёрдам поезд орқали жўнатилган ва у жабрланганлар олдигача етиб бора олмаган. Сабаби, уни ҳам тўфоннинг ўзи издан чиқариб, шамол ва тошқин релсларни қўпориб ташлаган...

5. Катрина тўфони, 2005 йил август

Фото: Google Photos

Катрина тўфонидаги фожиани кўпчилик мутахассислар инсон омили билан боғлашади. Яъни, бунда зарурий эҳтиёт чоралар кўрилмагани ва аҳоли вақтида огоҳлантирилмагани туфайли шу даражада катта кўламли фожиа келиб чиққан дейилади.

Чунки 26 августда ҳали Катрина анча кучсиз, суст шамол кўринишида бўлган, бироқ у кучайиб кетмаслиги ва довулга айланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ эди. Бу эса мутахассисларни хушёр торттириши лозим бўлган. Бироқ бепарволик жуда хунук оқибатларга олиб келди. Катрина саноқли дақиқалар ичида 5-даражали тўфонга айланди ва 28 август куни Янги Орлеанга ёпирилди. У шаҳар осмонида пайдо бўлганида аллақачон 3-даражагача сусайган кучга эга эди. Бироқ шу ҳолда ҳам у шаҳарнинг 80 фоиз қисми сув остида қолишига сабаб бўла олган. Аҳолининг кўпчилиги, огоҳлантиришларга қарамай, эвакуация қилинишига рози бўлмаган ёки эвакуация жуда кечикиб етиб келган. Шу сабабли ҳам ўшанда қурбон бўлганларнинг 40 фоизи тўфоннинг ўзи сабабли эмас, балки ундан кейинги қолган тошқин туфайли чўкиб ўлган. Умумий қурбонлар сони 1 833 кишини ташкил қилган. 400 минг аҳоли бошпанасиз қолган ва ўз уйларига қайтиб келмаган. Мазкур тўфон АҚШ янги тарихидаги энг катта кўламли табиий офат бўлиб, 161 миллиард доллар миқдорда зарар келтирган.

4. Мария тўфони – 2017 йил сентябрь

Фото: Google Photos

Мария тўфони 2017 йил давомида содир бўлган 5-даражали тўфонлардан иккинчиси бўлган. Ундан атига икки ҳафта олдин Ирма тўфони вайронкор куч билан ўз йўлидаги барча нарсани топтаб ўтган эди. Мария ҳам худди Ирма ўтган йўллардан ўтган.

2017 йилнинг 18 сентябрь куни Мария тўфони 281 километр/соат тезликка эга кучли шамол билан Доминикан қирғоқларига етиб келган. Кейин эса Мексика кўрфази бўйлаб ҳаракатланиб, Гваделупа ва Виргин оролларига ёпирилган. 20 сентябрда эса у шиддатли пўртана билан Пуэрто-Рикога кириб келган ва оролдаги деярли барча бино ва иншоотларни вайрон қилган.

Ўшанда расмий манбалар 146 фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилганди. Лекин бу рақам унчалик ишончли кўринмаган. Халқаро ҳамжамият ва хайрия ташкилотлари орқали қайта аниқлаштирилган маълумотларга кўра, биргина Пуэрто-Риконинг ўзида ўшанда 2 975 киши вафот этган экан.

3. Гальвестон тўфони – 1900 йил

Фото: Google Photos

1900 йилда Мексика кўрфази бўйлаб қутурган Гальвестон тўфони ҳаётдан олиб кетган одамлар сони 12 минг нафаргача деб баҳоланади. Ушбу тўфон аввалига Флорида қирғоқларида шунчаки кучли шамол тариқасида бошланиб, кейин бирданига саноқли лаҳзаларнинг ўзида фавқулодда катта куч билан Гальвестон шаҳри томонга кескин бурилган. У йўл-йўлакай баттар қутуриб, куч тўплаб борган. Гальвестонда аввалдан фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва одамларда тайёргарлик кўриш учун нари-бериси билан тўрт кун вақт бўлган. Тўфон шаҳарга ёпирилганда ўзи билан олти метр баландликка эга тўлқинларни олиб келган. Кўрилган тайёргарлик ҳам ҳолва бўлиб қолган. У шаҳарга кириб бораркан, атайлаб қурилган тўғон ва дамбаларни бузиб, уйларни вайрон қилиб кетган. Ўшанда, Гальвестонда жами 3 600 та уй вайрон бўлган. Гальвестон бу аччиқ фожиадан хулоса чиқарди ва шаҳарнинг ўртача баландлиги денгиз сатҳидан камида беш метр қилиб қайта тикланди. Бундан ташқари, улар шаҳарни 16 километр узунликдаги тўлқин қайтарувчи девор билан тўсиб олди.

2. Митч тўфони – 1998 йил октябрь

Фото: Google Photos

Митч тўфони ҳақида ОАВ Катрина ёки Сенди тўфоничалик жар солиб ваҳима қилмаган. Ваҳоланки, Митч тўфонининг вайронкорлик кучи ва етказган талафотлари улардан ҳам ёмон бўлган. Бу ҳақда унчалик кенг ёритилмаганининг боиси, Митч – Қўшма Штатларга таҳдид қилмаган ва яқинлашмаган ҳам...

Тўфон 1998 йил октябрида Гондурасга ёпирилган. У бир муддат худди тўхтагандек ҳам кўринган. Бироқ аслида у нафас ростлаётган экан. Худди тингандек кўринган тўфон кейин бирдан яна шиддатли тус олган ва нақ икки кун давомида Доминикан Республикасини пайҳон қилиб ташлаган. Ўшанда бир соатда 10 сантиметр ёғин ёғиши оқибатида кучли тошқин юзага келганди. Тошқин ва сел келиши туфайли кўп жойларда кўчки ва чўкиш содир бўлган. Қурбонлар сони 11 мингдан ортган. Яна минглаб одамлар бедарак йўқолган.

1. 1780 йилги Буюк Тўфон

Фото: Google Photos

Тарихий фактларда 1780 йилда Кариб ҳавзасида кузатилган тўфон «Буюк Тўфон» деб қайд этилади. Ўшанда жами 22 минг одам тўфон натижасида қурбон бўлгани ҳисобланган. Қурбонларнинг кўпчилиги ўша пайтда денгизда бўлган Британия ва Америка ҳарбий кемалари матрослари бўлган. Афсуски, тўфон пайтида шамол тезлиги ва ёғин миқдори қандай бўлгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас (шунчаки у пайтда бундай ахборотнинг ўзи бўлмаган). У ҳақда маълум нарса шуки, ўшанда Буюк Тўфон нақ олти кун қутурган ва Кариб ҳавзасидаги барча катта ва кичик оролларни қамраб олган. Энг катта зарарни Барбадос, Мартиника ва Сент-Люсия ороллари кўрган. Агар гувоҳларнинг хотираларидан ёзиб олинган қайдларга ишонадиган бўлсак, ўша тўфон дарахтларни илдизи билан қўпориб олиб учириб кетган экан. Билвосита белгиларга кўра экспертлар Буюк Тўфон пайтидаги шамол тезлиги 320 километр/соат атрофида бўлган бўлса керак деб баҳолаган.

Музаффар Қосимов тайёрлади.