Украина президенти Владимир Зеленскийга Улуғ Ватан уруши (Иккинчи жаҳон урушининг 1941 йил 22 июндан 1945 йил 9 майга қадар давом этган қисми)даги ғалабанинг 75 йиллиги тантаналарида иштирок этиш бўйича таклифнома юборилади. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди, дея хабар бермоқда Meduza.
Ушаковнинг сўзларига кўра, ҳозиргача 17 мамлакат етакчилари байрам тадбирларида иштирок этишини тасдиқлаган. Улар орасида Ҳиндистон, Куба, Франция, Чехия, Венесуэла, Беларусь, Арманистон, Болгария ва Сербия етакчилари бор, деди Ушаков.
АҚШ президенти Дональд Трампга ҳам таклифнома юборилган, бироқ, Ушаковнинг қўшимча қилишича, у ҳали жавоб берганича йўқ. Аввалроқ худди шундай таклифнома Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
2015 йили, Ғалабанинг 70 йиллиги тантаналарига Германия, Франция, Буюк Британия ва АҚШ етакчилари келмаган эди. Улар Украина шарқидаги қуролли низо ва Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши юз берган бир вақтда Россияга ташриф буюришни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаган эди.
Изоҳ (0)