Жорий йилнинг 9 август куни жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани суди биносида «Ангор пахта тозалаш» АЖ директори Тоштемир Холбоевга нисбатан 167-моддаси 3-қисми «а,в» бандлари ва 209-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан очилган жиноий иш ўрганиб чиқилди, дея хабар беради «Халқ сўзи».
Маълум бўлишича, судланувчи Тоштемир Холбоев «Ангортозалаш» АЖ бош директори вазифасида ишлаб, «ПК-17» қабул варақаси ва «7-ХЛ» шаклидаги пахта харажатини ҳисобга олиш дафтарларининг тегишли қисмини қалбакилаштирган ҳолда, пахта хом ашёси учун тўловни амалга оширишга асос бўлувчи расмий ҳужжат сифатида банкка тақдим этган. Шу орқали 1 894,4 тонна пахта хом ашёси учун фермер хўжаликларининг ҳисоб-рақамларига 2 406 863 000 сўм ўтказишга эришган.
Жиноий иш ҳужжатлари далил асосида ўрганилиб, Тоштемир Холбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан Жиноят кодексининг 45-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланди ва унга нисбатан 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари (иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан) жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)