Бу йил «Шарқ тароналари» ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалида 74 давлатдан вакиллар қатнашиши кутилмоқда.

Фото: Zarnews

Фестиваль матбуот марказининг хабар беришича, Маданият вазирлиги ва Халқаро фестиваллар дирексияси томонидан «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалида иштирок этаётган мусиқий жамоаларнинг Регистон майдонида чиқишлари режа жадвали ишлаб чиқилган.

Унда белгиланишича, 25 август куни Афғонистон, Миср, Голландия, Ироқ, Туркия, Қозоғистон, Аргентина, Ҳиндистон ва Эрондан келган мусиқий жамоалар танлов дастури бўйича чиқишларини бошлайди.

Фестиваль низомига кўра, танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналиш — профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида баҳоланади.

Бу йил фестиваль Гран-При соҳибига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Иккита 1-ўрин, иккита 2-ўрин ва учта 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар 5 мингдан 2 минг долларгача пул мукофотини қўлга киритади.

Шунингдек, «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинацияларда ғолиблар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.