Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра 18 август куни Новосибирск вилоятида К-17п трассасининг 374-километрида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Йўл-транспорт ҳодиса оқибатида бир киши вафот этди, ҳайдовчи ва микроавтобуснинг 8 та йўловчиси, жумладан 7 нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди.
Барча жароҳатланганлар Новосибирск вилояти Карасук шаҳар марказий туман касалхонасига жойлаштирилди.
Ушбу ҳолат юзасидан терговгача бўлган тадбирлар олиб борилмоқда.
Бош консулхона мазкур вазиятни ўз назоратига олди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт муассасалари билан алоқа ўрнатди.
«Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Сибир федерал округи (Олтой Республикаси, Олтой ўлкаси, Бурятия Республикаси, Иркуцк вилояти, Байкал орти ўлкаси, Кемерово вилояти, Красноярск ўлкаси, Новосибирск вилояти, Новосибирск шаҳри, Омск вилояти, Томск вилояти, Тува Республикаси, Ҳакасия Республикаси) ҳудудида фуқароларимиз зарур ҳолатларда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-383-246-04-85, +7-383-246-04-84, +7-383-246-04-63, +7-383-246-04-64», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)