Ўзбекистон Бош консулхонаси маълумотига кўра, 16 август куни Санкт-Петербург шаҳрининг Фрунзе туманида содир бўлган оммавий муштлашув натижасида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси травматик қуролдан жароҳатланган, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Улардан бири И.И. Жанелидзе номидаги Санкт-Петербург тез ёрдам илмий-тадқиқот институтига жойлаштирилган. Унинг соғлиғи ўрта даражада оғир деб баҳоланмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговгача бўлган тадбирлар олиб борилмоқда.
«Бош консулхона тегишли ташкилотлар билан алоқа ўрнатган ҳамда мазкур вазиятни ўз назоратига олган.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненец автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49», дейилади хабарда.
Аввалроқ Петербургда Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув юз бергани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)