Ўзбекистонлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи 17 август куни Жидда—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга қайтиб келди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, зиёратчилар бир ойга яқин вақт давомида Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, Ҳаж амалларини бажарган. Шунингдек, у ердаги муқаддас қадамжоларга зиёратлар ҳам ташкил этилиб, сафарнинг самарали ўтиши таъминланган.
Жорий йилги Ҳаж мавсумида ўзбекистонликларга «ал-Ҳидоя» ширкати томонидан Мадинаи мунавварада 5 юлдузли «Зам-зам Пулман» ҳамда Маккаи мукаррамада «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхоналарида юқори савияда хизмат кўрсатилган.
Бу йилги мавсумда Ўзбекистондан жами 7000 нафардан ортиқ мўмин-мусулмон Ҳаж ибодатини адо этган. Уларга 35 нафар ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор, 15 нафар ошпаз ҳамда 140 нафар гуруҳ раҳбари хизмат кўрсатган.
«Ўзбекистонлик ҳожилар 17 августдан 1 сентябрь кунига қадар Жидда—Тошкент йўналиши бўйлаб Ўзбекистонга қайтади» дейилади хабарда.
Изоҳ (0)