Халқ таълими вазирлиги Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Тузбозор» маҳалласида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Ҳаким Пўлатов мурожаатномасини ўрганиб чиқади ва тегишли давлат органларига масалани ҳал этиш учун юборади.
Ҳаким Пўлатов Facebook ижтимоий тармоғида мустақиллик йиллари давомида Бойсун туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактаби биносида бошқа ташкилотлар ноқонуний жойлаштирилганлигини маълум қилиб, амалий ёрдам берилишини сўраган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 февралдаги 122-сонли фармойишининг 1-бандида Республикада фаолият кўрсатаётган давлат таълим муассасалари, хусусан, мактабгача таълим, ўрта таълим, касб-ҳунар таълими муассасаларининг мол-мулки, бино ва иншоотлари ҳамда ер майдонларини Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорисиз ташкилотларга бериш ёки таълим жараёнига тегишли бўлмаган мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман қилинган.
Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 10-бандига кўра, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади.
Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг 3-бандига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаши лозим.
Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимликлардан қонунчилик нормаларини қатъий таминлашларини талаб қилади.
Изоҳ (0)