Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 2019 йил 7 август куни Оренбург вилоятида онаси Ўзбекистон фуқароси бўлган боланинг туғилиши тўғрисида олинган маълумотни тасдиқлади. Чақалоқ оғир нуқсон — юрак муаммолари билан туғилган бўлиб, ҳозирда барокамерада қолмоқда. Шифокорларнинг фикрига кўра, болага шошилинч равишда жарроҳлик операцияси ўтказиш зарур, лекин унинг онаси Россия фуқароси эмаслиги сабабли бунинг ҳозирда имкони йўқ. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бош консулхона вазиятни назоратга олди ва консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларини ҳал қилишда, шу жумладан, боланинг ватанига қайтиши учун гувоҳнома беришда кўмак бермоқда. ТИВ консуллик-ҳуқуқий департаменти ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маслаҳат сўраб мурожаат қилди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Волга бўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Криов вилояти, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7-967-772-66-00.
Изоҳ (0)