Яқин кунларда ватандошлар исломнинг бешинчи устуни ва фарзи саналмиш Ҳаж амалларини бажариб бағримизга қайтади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси эслатмоқда.
Улардан дуо олиш, Байтуллоҳ, Арафот, Мино ҳақида, шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳамда равзалари хусусида эшитиш мақсадида узоқ яқиндан қариндош-уруғ, таниш-нотанишлар ҳожиларнинг зиёратига чоғланади.
Табиийки, урф-одатларга кўра ҳожиларни кутиб олиш учун зиёфатлар уюштирилиб, дастурхонлар ёзилади. Бу яхши албатта. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин», деганлар.
Аммо динимизда ҳар қандай зиёфат, тўй ва маросимларда мў’тадилликка риоя этишга тарғиб қилинади, исрофгарлик эса қаттиқ қораланади.
Демак, ҳожиларни кутиб олар эканмиз, манманлик, кибр ва мақтаниш билан, «одамлар кўриб қўйсин ҳожи бўлганимни» ёки «ота-онамни ҳожи бўлганлигини ҳамма билсин» деган фикрлардан йироқ бўлиб, исроф, такаббурлик ва ғурурдан холи, камтарона, кўпроқ ночор ва ҳақдорларга дастурхон ёзиш ҳақиқий ҳожиларга хос амал ҳисобланади. Чунки ҳаж амалини бажариб эсон-омон ватанига қайтган мусулмон ўзгаларга ибрат бўлиб ҳаёт кечирмоғи, тақводор кишилардек амал қилиши лозим.
Изоҳ (0)