Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш ва бу орқали маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар эътиборини жалб этиш мақсадида Хива шаҳрида ҳар йили айни қовун пишиғида анъанавий тарзда қовун сайли ташкил қилинади.

Фото: Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти

Ушбу фестиваль ҳудудга сайёҳлар оқимини ошириш, воҳанинг қадимий полизчилик тажрибаси, полиз ва боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришга хизмат қилади.

Мазкур тадбир доирасида полиз экинлари ва турли боғ меваларининг янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган кўринишдаги маҳсулотларидан иборат «Гурвак — Хоразм қовунчилигининг рамзи» савдо кўргазмаси ўтказилмоқда.

Фото: Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти

Деҳқонлар ва амалиётчи олимлар қовуннинг унутилган навларини тиклаш, экспортбоп янги навларини яратиш ва кўпайтириш устида ишламоқда. Селексионер олимлар томонидан ҳосилдорлиги юқори бўлган, ноқулай об-ҳаво шароитлари, айниқса, оқпалак касаллигига чидамли, экспортбоп «Гурлан», «Амударё», «Гулоби Хоразми», «Саховат», «Заргулоби» навларининг яратилгани бу борадаги изланишларга ёрқин мисол. Ҳозирда вилоятда қовуннинг 125 тури мавжуд.

Ҳар бир туман ва шаҳар учун ажратилган, байрамона безатилган павильонларда қовунлар ўзига хос манзарали кўринишда намойиш этилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Янгиариқ, Янгибозор, Хонқа, Ҳазорасп, Шовот, Хива ва Урганч туманларига Damas ва Labo енгил автомашиналари совға қилинди.

Фото: Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти

Қовун сайли 18 августгача давом этади.