Чақириққа йўл олган тез ёрдам машиналари ҳайдовчилари тезликни қайд этувчи фоторадар ва камераларга тушгани учун жаримага тортилмайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қонунчиликда бу каби ҳолатлар кўзда тутилган моддалар мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 4-қисмига мувофиқ, «шахс ҳаракатни (…) охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса», маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим. Ушбу зарурат факти аниқланганда, қайд этилган қоидабузарлик факти тугатилади. Бу тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ички ишлар органлари автомобиллари каби барча махсус транспортларга тааллуқлидир.
Тез ёрдам ходимлари чақириққа йўл олгандан сўнг автоматлаштирилган назорат камералари томонидан қоидабузарлик қайд этилиб, жарима солингани тўғрисида қарор хати келган тақдирда, улар Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙҲХКБТга (йўл ҳаракати хавфсизлигини компьютерлаштирилган бошқарув тизими бўлимига) жавоб хати билан мурожаат қилишлари зарурлиги, шундан сўнг эса қарор бекор қилиниши ҳақида хабардор.
Тез ёрдамнинг жавоб хати қуйидаги кўринишга эга:
Bekoр қилинган жарима қарорлари бўйича статистика маълумотларига кўра, 2017 йилда 321 та жарима тўғрисидаги қарор бекор қилинган бўлса, 2018 йилда — 221 та, 2019 йилнинг биринчи ярмида 292 та қарор бекор қилинган. 2019 йил июль ойининг ўзидаёқ ЙҲХКБТ ходимлари бу каби 124 та қарорни бекор қилди.
Махсус транспортлар ҳайдовчилари томонидан қоидабузарликка йўл қўйилган вақтда автомобиль чақириққа йўл олаётган бўлганлиги ҳайдовчиларнинг раҳбарияти томонидан тасдиқланган тақдирдагина қарорлар бекор қилинади. Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, бу каби ҳолатларда тез ёрдам ҳайдовчилари ёниб-ўчадиган сигнал ва махсус овоз сигналини қўшиши шарт. Агарда махсус транспорт чақириққа йўл олмаётган бўлса, қоидаларни бузишга ҳам эҳтиёж йўқ (тез ёрдам ҳайдовчилари кўпинча суиистеъмол қиладиган ҳолат), шунинг учун, бу каби ҳолатларда қарор бекор қилинмайди.
Шуни таъкидлаш керакки, Тез ёрдам ходимлари ЙҲХКБТга жавоб хати жўнатиши шарт: бу хатсиз ЙҲХКБТ ходимлари чақириққа йўл олган ҳайдовчи камералар томонидан қоидабузар сифатида қайд этилганини била олмайди. Камералар қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этади (инсон аралашувисиз), қарор ҳам автоматик тарзда тузилади ва дарҳол «Ўзбекистон почтаси» АЖга манзилга жўнатилиши учун йўналтирилади. Маълумотларга кўра, барча Тез ёрдам бўлинмалари ҳуқуқшунослари жавоб хати йўллаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилинган.
Изоҳ (0)