«Арсенал» ҳимоячиси Лоран Косельни фаолиятини Франциянинг «Бордо» клубида давом эттиради. Бу ҳақда Лондон клубининг расмий сайтида хабар берилди.
Шартнома шартлари ҳамда қанча муддатга имзолангани очиқланганича йўқ.
«Лораннинг жамоага қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирамиз ҳамда келажакдаги фаолиятида улкан зафарлар тилаймиз», — дейилади «Арсенал» матбуот хизмати берган хабарда.
Аввалроқ «канонирлар» Косельнини «Бордо»га 4,6 миллион фунт эвазига қўйиб юбориши мумкинлиги тўғрисида маълум қилинганди. Футболчига «Лион» ва «Ренн» клублари ҳам қизиқиш билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, Косельни 2010 йилдан буён «Арсенал» сафида тўп суриб келаётганди ва у 9 йил мобайнида «тўпчилар» билан 3 бор Англия Кубоги ҳамда 2 маротаба мамлакат Суперкубогини қўлга киритди.
Маълумот учун, франциялик ҳимоячи ортда қолган мавсум Англия Премьер лигасида 17 та учрашув ўтказиб, 3 та гол уришга эришди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)