Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши ёшларни қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар тажрибаси билан таништириб бориш, малака оширишларини ташкил этиш мақсадида Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICА) билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу ҳақда Ёшлар медиа маркази «Дарё»га маълум қилди.
Ҳозирга қадар Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти томонидан 10 нафар ёш фермерлар Япония давлатида ташкил этилган халқаро ўқув-семинарларда иштирок этишга муваффақ бўлди.
25 июль куни Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги «Leo Garden» интенсив боғида Япония давлатидан таклиф этилган 10 нафар боғдорчилик соҳасининг илғор мутахассислари ва йирик экспортёр фермерлар мамлакатдаги ёш фермерлар, соҳа мутахассислари ва фермерликка қизиққан ёшлар учун «Боғдорчиликда Япония тажрибаси» мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди.
— 2015 йилда 50 гектар майдонда интенсив боғ яратдик,— дейди «Leo Garden» интенсив боғи агрономи Бадриддин Усомиддинов. — 6 хил навли олма ва 2 хил навли нок каби мевали дарахт кўчатлари экилган боғимизда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этганмиз. Бу эса сувнинг бирдек тақсимланиши ҳисобига дала бўйлаб намлик бир меъёрда тарқалишини таъминлайди, Интенсив боғнинг афзал томони нисбатан кичик майдондан, кам сув сарфлаб, кўп ҳосил олиш мумкин. Жорий этилаётган замонавий суғориш технологияси сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш имконини беради. 20 та ишчи ўрнига эга боғимиздан бу йил 30-35 тонна ҳосил олишимиз мумкин.
Маҳорат дарслари давомида япониялик мутахассислар ўзбекистонлик фермерларга боғдорчилик соҳасидаги сўнгги янгиликлар, инновацион технологиялар, боғ майдонини тайёрлаш, кўчатларни экиш ва парваришлаш ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш бўйича Япония тажрибасини ўргатди.
Таъкидлаш жоиз, йил якунига қадар яна ўн нафар ёш фермер Японияга малака оширишга юборилади.
Изоҳ (0)