Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари ижтимоий ҳимояга муҳтож олти нафар цех ишчисига янги қурилаётган коттежлардан совға сифатида биттадан берилишини маълум қилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг май ойида Андижонга ташрифи вақтида ишчилардан фақат бир нафарига коттеж совға қилинган. Ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъули талабига кўра, қолган беш нафар ишчи янги қурилаётган тўрт қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилган.
Ушбу масалани ўрганган Бош прокуратура вилоят ҳокимлиги мутасаддилари беш нафар аёлга коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақда ОАВга интервьюлар олинишига эришиб, коттежларга уларни уй эгаси сифатида киритиб қўйиб, бироқ якунда уларга коттеж ажратмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйилганини аниқлаган эди.
«Кўзбўямачилик» туфайли коттеж ололмаган тикувчи Муяссархон Раҳимова билан «Дарё» мухбири ўтган вақт мобайнида жабрдийда аёлларга қандай муносабатда бўлингани, коттеж ўрнига кўп қаватли уй бериш ишлари қай даражада кетаётгани ҳақида суҳбат қурди. Мулоқот давомида Муяссархон Раҳимова Россияга бир умрга кўчиб кетиш нияти борлигини айтиб ўтди.— Тикувчилик цехига ишлаш учун чиқмай қўйибсиз. Ҳозирда нима ишлар билан бандсиз?
— Яқин кунларда ишлагани Россияга кетяпман. Кўп қаватли уй берилишига ҳам 100 фоиз ишонмайман. Қачон уй калити қўлимга тегади, уйга кириб ўтираман, ҳужжатларни кўраман, кейин ишонаман. Ҳозир бу ерда ишлаб кўришнинг ҳожати йўқ. Трикотажларда арзимаган ойликка ишлашга тўғри келади. Топганимни болаларимнинг еб-ичмоғига ҳам етказа олмайман.
— Россияда ҳам ўзига яраша тартиблар бор. У ерга бориб, иш топиб ишлаб кетишингизга қанчалик ишончингиз бор? Шу ерда ҳам ишлаб, пул топиш мумкин-ку?
— Россиянинг Москва шаҳрида опаларим ишлайди. Биттаси савдо билан шуғулланади, бириси эса кафеда ишлайди. Ўзбекистондан кўра у ерда ойликлар анча баланд бўлгани учун иложсиз, кетяпман. Қани эди шу ерда ҳам ойликлар рўзғорга етгулик бўлса, жон деб ишлаб қолган бўлар эдим. Тикувчилик, ошпазлик, савдогарлик қўлимдан келади. Рус ва ўзбек тилларини биламан. Шу ерда ишлаган ойлик маошим 3 нафар боламнинг еб-ичишига ва уй-жой қилишга етмайди, деб ўйлайман. Ўзбекистон шароитида ойига кўпи билан 2 миллион сўм топишим мумкин. Еб-ичиш, йўлкира ва бошқа харажатлар шунинг ичида. Ўзимнинг харажатларим, болаларимнинг еб-ичишига 1,5 миллион сўм кетса, 500 минг сўмдан йиғиб борсам, қачон уй оламан? Россияда эса харажатлардан ташқари 500 доллар топса бўлади.
— Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан таклиф қилинган цехдаги ишни нима учун рад этмоқдасиз?
— Ўзимнинг ҳисобим бўйича, цехда кунига 70–100 минг сўм атрофида ишлашим мумкин эди. Икки сменада ишлаган кунларим ундан ҳам кўп топаман, деб ўйлагандим. Саккиз ой давомида 1 миллион 800 минг сўм билан қолдим. Шунинг учун бу ерда ишлашнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Цехда ишлаганларнинг бирортаси рўшнолик кўрмади. Ишлаганларнинг ойлигини талон-торож қилишди. «Биринчи тўловга ўтяпти, иш ҳақинглардан ушлаб қоляпмиз», —дейишди. Лекин билишимизча, бошланғич тўлов давлат томонидан қопланади. Ойлик иш ҳақимизни олиб қолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ экан. Вазирлар Маҳкамасида ишлайдиган Нодир, Равшан ака ҳам, Танзила Норбоева ҳам «бош тўловни давлат қилиб берса, сизлардан пул ушлаб қолишга уларнинг ҳаққи йўқ-ку», деб айтганди. Цехга яна бориб ишлашнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Бошқа аёллар ҳам у ерда ишлашдан безди.
— Уч нафар вояга етмаган фарзандингиз бор. Сиз Россияга ишлашга кетсангиз болаларнинг аҳволи нима кечади?
— Шуни жуда кўп ўйлаяпман. Отасига ташлаб кетишни ҳам ўйладим. Лекин мен бу ишни қилмайман. Бола парваришловчи энага топдим. Ойига 200 доллардан ишларкан. Болаларни боғчага олиб бориб, олиб келиб, қараб туради. Шунга ташлаб кетмоқчиман. Ҳозирча фарзандларимнинг соғлиғи яхши. Энг кичик фарзандим тутқаноқ бўларди, ҳозир бўлмаяпти. Иккита боламни ташлаб, энг кичигини — иккига ҳали тўлмаган, учинчи фарзандимни ўзим билан олиб кетмоқчиман.
— Ҳаётнинг турли тўсиқларига учраган, бошидан кўп савдоларни ўтказган сиз каби аёлларга олдидаги синовларни енгиб ўтиш учун Ўзбекистонда имконият бор, деб ўйлайсизми?
— Менимча, йўқ. Қўллаб-қувватлайдиган ҳеч нарса йўқ. Масалан, мен қаерга борсам ёлғонга дуч келдим. Беш йил турмуш ўртоғим билан ёлғонда яшадим. Ўша ёлғондан чиқиб, яна ундан-да катта ёлғонга дуч келдим. Фарзандларимни қанотим остида катта қилай деб, ҳаммасини енгиб ўтишга ўзим ёлғиз ҳаракат қиляпман. Отасидан айрилгани етади, онасидан ҳам айрилиб қолмасин. Меҳрга зор қилиб ўстирмасликка ҳаракат қилиб келдим. Лекин ҳеч қаердан кўмак бўлмади. Болалар учун бериладиган ёрдам пулига чиқдим, беришмади. «Кел, ёрдам қилай, манави ишни қил», деган одамни кўрмадим. Турмушимдан ажрашаётган вақтимда ҳам Хотин-қизлар қўмитасидан ёрдам сўрагандим. Улар «уй-жой қилсанг, яшаб кетаверасан», дейишди. Уй қилиш керак экан, шунча аёл қиляпти, Ўзбекистонда ишлаб уй олса бўлар экан, деган фикрда ишга киргандим. Лекин менга Ўзбекистон ҳеч нима бермади деб ўйлайман. Россияда ишлаб, ўрнашиб олганимдан сўнг бир умрга кўчиб кетиш ниятим бор. Акаларим ҳам ўша ернинг фуқаролигини олган. Мен ҳам фуқаролик олмоқчиман. Ўзбекистондан ҳеч нима кутмай қўйдим. Ёлғон, ёлғон ва яна ёлғон, холос.
— Бош прокуратура Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари Президент ташрифи вақтида эҳтиёжманд аёлларни коттежга киритиб, уларни уй соҳиблари сифатида кўрсатиб, кейин уйлардан чиқариб юборилишини «кўзбўямачилик» деб топди. Сиз бу ишни нима деб баҳолаган бўлар эдингиз?
— Билмадим, нима деб баҳолашга ҳам ҳайронман. Нимагаки, шу ишларнинг бошида турганлар ногиронлар, етимлар, алданган аёлларнинг ҳаққини ейишди, уларни яна бир марта алдашди. Бу — ваҳшийлик. Бундан бошқа нарса эмас.
— Суҳбатларимизнинг бирида аввал ҳам Россияга бориб, ишлаб келганингиз ҳақида айтгандингиз. У ерда сизга ўхшаб қийналган аёлларга муносабат қандай?
— Авваламбор, улар инсонни эшитишни билади. Айниқса, фарзандлари бор аёлларга катта имкониятлар бериб, қўллаб-қувватлашади. Масалан, бола тарбиясида уйда ўтирган аёлларга катта миқдорда бола пули берилади. Мен уч фарзанд кўриб, Ўзбекистонда бирор марта бола пули олганим йўқ. Нечта жойга учрадим, ҳаракат қилдим, уйда ўтирган пайтимда ҳам қийналдим, ололмадим. Кейин ўзим меҳнат қилиб, чеварчилик орқасидан пул топиб, фарзандларимни боқишга ҳаракат қилдим. Ажрашмаган вақтимда ҳам турмуш ўртоғим пул билан таъминламасди. Ҳар бир оилада бўлгани каби ўзига яраша бизнинг хонадонда ҳам қийинчиликлар бўларди. Ўзбекистонда яшаб кетиш қийин, юрагингиз темир тошдан бўлса, яшаб кетасиз. Озгина енгилсангиз, сизни эзғилаб ташлашади. Бу ерда шунақа ҳаёт экан. Фарзандларимни шу ҳаётга ташлаб қўйишни хоҳламайман. Майли Россияда, ёмон бўлса ҳам, ўзини севувчи бўлиб ўссин. Лекин у ерда ўзини ҳурмат қилишни, қадрлашни, хўрлатиб қўймасликни ўрганади.
— Ўзбекистонда аёллар турли қийинчиликларга тушган вақтда уларнинг ҳуқуқи таъминланиши қай даражада, деб ўйлайсиз?
— Бу ерда ҳуқуқларимни ҳеч ким ҳимоя қилгани йўқ. Мен нечта жойга мурожаат қилдим. Бирорта жойда сенинг бундай ҳуқуқинг бор, деб айтгани йўқ. Адвокатга борганимда «Шаръий никоҳда бўлиб фарзандларингга уй ундира олмайсан, сен ҳеч нимасиз кетишга мажбурсан. Бу масалада эр томоннинг қўли баланд», деди. Ҳақиқатан ҳам, қаерга мурожаат қилсам, мен ютқазавердим. Учта фарзандни ўша отадан топганман, шаръий никоҳ бўлса ҳам, оталикни олган ҳужжати бор, болаларимга уй-жой қилиб беришга мажбур, деб ўйлардим. Лекин бундай эмас экан. Ҳатто вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг қабулига кириб шундай шароитдаман, эрим уй-жой қилиб бермаяпти, кўчага олиб чиқиб қўйди, деганимда «Шаръий никоҳда ҳеч нарса йўқ», деган эди. Демак, шаръий никоҳдаги аёл — аёл эмас, у инсон ўрнида кўрилмас экан. Шаръий никоҳдан топган фарзандлар ҳам фарзанд деб қабул қилинмас экан. Ўша пайтда шокка тушиб қолганман. Наҳотки, шаръий никоҳдаги инсон — одам, бола — бола ўрнида кўрилмаса?! Фарзандларим менга ўхшаб ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган оми инсон бўлишини хоҳламайман. Фарзандларим, майли, Россияда худбин бўлиб улғайсин, лекин ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган инсон бўлсин. Бу ерда пулдорлар кучли. Оддий мисол, коттежни ҳам кимга беришди — пули борга. Пули йўқ биздақалар коттежсиз қолиб кетавердик. Пули бор олиб кетди. Келажакда болаларим ўқишга, ишга кирмоқчи бўлганда пули бор ютиб, пулсиз қолиб кетаверади. Мен шунақа фикрда қолдим. Ҳамма жойда пули бор инсоннинг қўли баланд. Гўёки Ҳиндистондагидек табақаланиш бошланибди бизда ҳам.
— Сизларни тикувчилик цехига ишга жойлаштиришаётганда меҳнат қонунчилиги билан, яъни ҳуқуқларингиз, иш бериш шартлари билан таништиришганми?
— Йўқ, ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуқимиз тушунтирилмаган. Ҳеч қандай иш берувчининг ёки ишчининг мажбуриятлари айтилмаган. «Биз ишлайсан деган пайтда ишлайсан, дам оласан деган пайтда дам оласан. Керак бўлса, 24 соат ухламайсизлар, тикув машинасининг устида ухлайсизлар, эмизикли фарзандларингиз билан шу ерда ишлашга мажбурсизлар», дер эди. Бу — қуллик, қул бўлганмиз, тамом. Аввалги замонларда бўлгани каби ўзимни қулдек ҳис қилганман. Эмизикли фарзандимни аравачага солиб, ёнимга қўйиб, йиғласа қараб ишлаганман. Боламнинг тутқаноғи борлиги учун боғчага қабул қилишмаган. Ўлса ҳам, қолса ҳам жавобгарлиги ўзимнинг бўйнимда деб ёзиб берганимдан кейин, боламни қабул қилишган. Унгача қабул қилинмаган. Кунига 22 соатлаб ишлаганмиз, 2 соат дам олиб, яна чиқиб ишлаганмиз. Пенсия дафтарчаси ва меҳнат дафтарчаси ҳам берилмаган. Ҳеч қандай шартномасиз ишга кириб, 8 ой ишлаб келдик. Ҳеч қандай шартномасиз улар бизнинг ойлигимиздан ушлаб қолишди.
— Цех раҳбари Тоҳир ака биз билан суҳбатда сизларга қилинган «кўзбўямачилик»дан бехабарлигини билдирди. Ишчилар йўқ бўлиб қолса, сўроқламасмидингиз, деган саволимизга: «Кўпинча ишчиларнинг ўзи ёки боласи оғриб қоларди. Шунга индамасдим», деб жавоб берди. Цехнинг кадрлар мудири аёлларга уй ажратиб беришда иштироки қанчалик қонуний деган саволимизга эса, «Мавлуда опа шу маҳаллада яшагани учун аёлларнинг яшаш шароитини яхши биларди, шунинг учун, унга бу юмуш юклатилган»ини таъкидлади, Бу қанчалик тўғри?
— Тоҳир ака бўлиб ўтган ҳамма ишни жуда яхши билади. Инсон сифатида фарзандларимиз оғриб қолса ёки бошқа муаммо чиққанда кўп ёрдам берарди. Лекин уй масаласига чақиртиришганда, Тоҳир ака ўзининг ва цех устасининг машинасида олиб чиқиб кетишарди. Билмайман дейиши нотўғри. Коттежни бериш биринчи марта таклиф қилинаётганда, 2018 йилнинг декабрь ойида Тоҳир ака бир куни мени ёнига чақириб, «Сиз коттеж оладиганларнинг ўнталигига кирдингиз. Агар Мавлуда опа коттеж олиб бериш учун сиздан пул сўраса, менга айтинг, неча пул сўраётганини билиб қўяй», деди. Кейин Мавлуда опага коттеж пул эвазига бўлаётган бўлса, ака-опаларимдан қарз олиб бўлса ҳам берай 500–1000 долларгача қурбим етади, деб айтдим. Ўша пайтда Тоҳир ака Мавлуда опа билан «нимага сен айтдинг, нега сен унақа дединг, пул сўрамоқчимасдим» деб, иккаласи тортишиб қолди. Кейин қолганлардан сизлардан ҳам пул сўрамаяптими, мен билан шунақа ҳолат бўлди, деб суриштирдим. Улар пул таклиф қилинмаётганини айтишди. Мен ўша пайтда пул эвазига қилинаётганини билган эдим, буни менга Тоҳир ака айтган. Мавлуда опа Манзура Фазлиддиновнанинг буйруғини бажарарди. Манзура опа цехга келиб, Мавлуда опани офисга чақириб, буйруқ бериб кетарди. Кейин Мавлуда опа бизни чақариб мажлис қилиб, нима бўлаётганини айтарди.
— Ҳаётда кўрган-кечирганларингиздан хулоса қилиб ўзбек аёлларига нима маслаҳат берган бўлардингиз?
— Энг биринчи навбатда оиланинг, фарзандларининг қадрига етишсин. Оила — бу энг катта неъмат экан. Ҳаммага ҳам ишонмасдан, етти ўлчаб, бир кесиб ҳаракат қилиш энг тўғри йўл эган. Ҳар қандай шароитда бўлмасин, шаръий никоҳ билан турмуш қуришни ҳеч кимга маслаҳат бермайман. Бунинг ортидан жуда кўп қийинчиликлар келаркан.
— Сиз ҳақингизда интернет-нашрларида турли чиқишлар бўлгандан сўнг, атрофингиздагилар бунга қандай муносабатда бўлди? Ушбу суҳбатимиздан кейин сизга бўладиган турли гап-сўзлар, босимлар бўлади, деб ўйлайсизми ва бунда сизни кимдир ҳимоя қилишига ишонасизми?
— Мени ишдан чиқиб кетишимга ҳам бўҳтон ва туҳматлар сабаб бўлди. Интернетдаги чиқишлардан кейин орқамдан келган инсонларга мени ёмонотлиқ қилишди. Ҳамма нарса бўлиб ўтди. Энди мен ҳамма нарсага тайёрман. Ким нима деса ҳам энди менга барибир. Кетаман, бўлди! Янги ҳаёт бошлайман. Бу ерда мени қоп-қора қилиб бўлишди. Ўзлари ҳам она, аёл бўла туриб ёмонотлиқ қилиб, нима асосида уй оляпти, деб шантаж қилиб кўришди. Ойлик олмасдан, ўзимнинг меҳнатим билан, бошқа жойдан тиришиб-тирмашиб пул топишга ҳаракат қилиб, керак бўлса, уй тозалагани борганман. Фарзандларимга ҳалол едиришга ҳаракат қилдим. Лекин мени бўҳтонларга қолдиришди. Ким мени сўраб-суриштириб келса, «ўзи енгилтак эди, у эди-бу эди» деган гапларни қилишди. Шу ташвишлардан кейин юрагим оғриб, даволаниб ҳам чиқдим. Ҳаммасини Аллоҳга солдим. Менга ҳеч ниманинг қизиғи қолмади. Мен янги ҳаёт бошламоқчиман...
Изоҳ (0)