Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисларида вазирлик ва идоралар раҳбарларидан ташқари вилоятлар ҳокимларининг ҳам ҳисоботлари эшитилади.
Шу ўринда савол туғилади, ҳокимларнинг ҳисоботлари аҳолининг муаммоларини бартараф этишда қанчалик муҳим ўрин тутади? Аҳоли ҳокимларнинг ҳисоботларидан қониқяптими?
Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева қуйидагича жавоб берди:
– Айтиш жоизки, Сенат ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, ҳудудлар манфаатларини ҳисобга олиш ва уларни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиқади. Шу боис, эндиликда ялпи мажлисларда вилоят ҳокимининг ҳисоботини эшитишда фақат парламент эшитувлари натижалари тўғрисида қарор қабул қилиш ёки ҳокимият ва давлат органларига умумий кўрсатмалар бериш билан чекланиб қолинмайди. Содда қилиб айтадиган бўлсак, ҳисоботлар фақат расмиятчилик, қоғозбозлик учун эмас, аксинча, уларнинг натижалари юзасидан қабул қилинадиган қарорларда жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ва ўша ҳудудда аҳолини қийнаб келаётган масалаларни бартараф этишга доир аниқ вазифалар акс эттирилади. Гапнинг индаллоси, ҳисоботда халқ манфаати мужассам бўлиши зарур.
Яна бир жиҳат, қарорларнинг ижросини кенг жамоатчилик иштирокида самарали мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади. Унинг ҳар бир натижаси, яъни салбий ёки ижобий бўлишидан қатъи назар барчаси оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказиб борилади.
Жонибек Маърупов
ёзиб олди
Изоҳ (0)