Монополияга қарши курашиш қўмитаси Термизда ҳаракатланаётган йўналишли таксилар фаолиятини чеклаш бўйича шаҳар ҳокимининг қарори юзасидан олиб борилган ўрганиш ишларини якунлади ва ушбу ҳолат бўйича тегишли иш қўзғатди.
Ҳокимнинг 2019 йил 13 июндаги «Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги К-1773-сонли қарори билан шаҳар ичкарисида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар (Damas) ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича кўрсатмаси «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда қабул қилинганлиги ҳолати қўмита махсус комиссияси жорий йил 8 июлида ўтказган йиғилишида кўриб чиқилди.
Термиз шаҳар ҳокимлиги вакили иштирок этган комиссия йиғилишида ҳокимлик томонидан қабул қилинган қарорнинг айрим бандлари «Рақобат тўғрисида»ги қонуни талабларига зидлиги, шундан келиб чиққан холда, аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан тегишли ажрим чиқарилиб, ҳокимликка нисбатан иш қўзғатилгани тўғрисида тушунтириш берилди.
Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан Термиз шаҳар ҳокимлигига ушбу қарорнинг тегишли бандини, яъни шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича топшириғини бекор қилиш тўғрисида кўрсатма берилди.
Изоҳ (0)