Ўзбекистонда силга қарши курашиш дастури АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID)нинг «Миллий сил касаллиги дастури» билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борадаги хизматлар, ташхис қўйиш ва клиник йўриқномалар, сил/ОИВ қўшма инфекциясининг олдини олиш ва назорат қилишни такомиллаштирди ҳамда Ўзбекистонда силга қарши энг илғор дори-дармонлар ва янги даволаш услулларини жорий қилди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм 19 июль АҚШ ҳукуматининг сил касаллигига қарши беш йиллик дастури доирасида эришилган асосий ютуқларни тилга олган ҳамда Ўзбекистонда бу касаллик даражаси, айниқса, унинг дориларга турғун турларини қисқартириш ва барҳам беришга қаратилган янги дастурларни эълон қилди.
Қайд этилишича, АҚШ ҳукумати харид қилган янги лаборатория дастгоҳлари ва видео ускуналарни топширган. Жами қиймати 730 минг доллардан зиёдни ташкил этувчи ушбу жиҳозлар силнинг дориларга турғун турларини аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш, мамлакатнинг дорилар сифатини текшириш салоҳиятини ошириш ҳамда бутун мамлакатдаги сил касаллиги бўйича мутахассисларни Тошкент ва халқаро миқёсдаги сил экспертлари билан боғлашга хизмат қилади.
USAID Ўзбекистонда 2015 йилдан бошлаб силга қарши курашиш ишига 14 миллион доллардан ортиқ маблағ тақдим этган. Дастур доирасида 5000 дан зиёд тиббиёт ходимлари махсус ўқув-машғулотларида малака оширган, 40 та лабораториянинг силни текшириш бўйича халқаро стандартларга етишиш салоҳияти оширилган, юзлаб беморларга узоқ ва мураккаб даволаниш курсини якунлашда кўмаклашилган.
Изоҳ (0)