Grand Duet компанияси Савдо-саноат палатасига ёрдам сўраб мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Spot.
Ушбу компания 2001 йилдан буён Олмазор кўчаси 19-уйда бизнес-марказ хизматларини кўрсатган. Бино Tashkent City қурилиши муносабати билан бузилган.
Бузилган бинода «Ezidyor» тўйхонаси ҳам бўлгани сабабли Тошкент шаҳар ҳокимлигига компанияга Мирзо Улуғбек туманидаги «Саёҳат» тўйхонасини бериш топширилган эди. Бироқ бу келишув амалга ошмагани сабаб, тадбиркор фаолиятини тўхтатишига ва юзлаб ишчиларни ишдан бўшатишга мажбур бўлган.
Grand Duet Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлгани учун палата корхонанинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Чилонзор туман Маъмурий судига мурожаат қилган. Суд 2019 йилнинг май ойида ҳал қилув қарорини чиқарган бўлиб, унда даъво тўлиқ қаноатлантирилган.
Савдо-саноат палатасида таъкидланишича, ушбу ҳал қилув қарори ижроси амалда таъминланган тақдирдагина, тадбиркорнинг қонуний манфаатлари тўлиқ ҳимоя қилинган, деб ҳисоблаш мумкин.
Изоҳ (0)