Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Азамат Акбаров олий таълим вазирига очиқ хат йўллаб, унда мамлакат олий таълим тизимида кузатилаёган таназзул сабаблари ҳақида ўз фикрларни баён қилди. «Дарё» ушбу хатни эълон қилади.
Тараққиёт энг аввало таълим тизимининг яхши йўлга қўйилганига боғлиқ. Зеро, таълимдаги ислоҳотлар тараққиётга замин яратади. Мамлакатимизда бу соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай жараёнларга гувоҳ бўлиш, ҳисса қўшиш, ёрқин келажакни ҳис этиш ўзгача қувонч бағишлайди. Олий таълим тизими ҳам бундан мустасно эмас.
Сўнгги уч йилда жуда катта имкониятлар очилган бўлса ҳам, олий таълим тизимида анча ҳал қилинмаган муаммолар талайгина. Президент ҳар бир масалага марказий эътибор бериб келаётганлигини кўриб турибмиз ва бир кун келиб бу масалани ҳам кўтариши табиий, демак, шахсан мамлакат президенти бу муаммоларни ўртага ташламагунча, нимани кутиб турибмиз ва нега уларни ҳал қилмаяпмиз? Демак, биз қўшимча вазифалардан қўрқяпмиз, ёки совет давридаги каби юқоридан буйруқларни кутишда давом этяпмизми? Энг муҳими, илгари имкони бўлмаган сиёсий ва иқтисодий шароитлар яратилди, демак имкони қадар вақтдан ва берилган имконлар унумли фойдаланиш керак.
2019 йил 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан бўлган учрашувда «Илмни, тарбияни тўғри қилсак, ҳамма соҳаларни малакали мутахассислар ўзлари ривожлантиради», – деганди президентимиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, мен ҳам ушбу давлатнинг ҳар бир фуқароси сингари олий таълимдаги муаммоларга ечиб топиш учун ўз таклифларимни бермоқчиман.
Олий таълим вакиллари инновациялар ва янги йўналишлар пайдо бўлганини кузатиб бораётгандир, бундан хабарим йўқ. Шунинг учун, олий таълим тизимини тез вақтда тиклаш ва дастлаб марказий Осиёда ва кейинчалик дунёда ҳам рақобатбардош бўлишга эришиш учун вазир жанобларига 16 босқичдан иборат ўз йўл харитамни таклиф этмоқдаман.
1. Олий маълумот олиш осонроқ бўлиши учун нима қилиш лозим?
Бу муаммо ҳар томонлама ва изчиллик билан ёндашувни талаб қилади. Масалан, 2020 йилдан бошлаб, пулли ўқишга кирадиган талабалар кириш имтиҳонларини бир неча марта – январь, март, июнь ва август ойларида топшириш имкониятига эга бўлиши керак. Мисол учун, агар 11-синфдаги талаба январь ойида синовдан ўца ва қабул қилиш учун белгиланган балл олган бўлса, у дарҳол танланган университетга ҳужжат топшириши ва шартли ўқишга кирган деб ҳисобланиши ва бемалол мактабни тугата олиши мумкин.
Бундай тартиб янгилик эмас – уни Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларда кенг қўллашади. Масалан, уларнинг вакиллари қишда яқин қўшни давлатларга бориб, имтиҳон тестлари ўтказишади ва қабул қилишга етарли баллар олган йигит-қизлар дарҳол Россия олийгоҳларига қабул қилинади.
Агар мактаб ёки коллеж битирувчиси давлат гранти ҳисобига ўқишга имтиҳон топширишни хоҳласа, у августда ўтказиладиган имтиҳон тестларини топшириши лозим, фақат шу имтиҳон тестлари натижалари асосида бепул таълим грантлари конкурс ва тақсимланиши ўтказилади. Январь, март, июнь ойларида имтиҳондан ўтган талабалар фақат пуллик ўқишга кира оладилар. Университетларга кириш имтиҳонларни мактабларнинг давлат имтиҳонлари қаторида ташкилаштирсак ҳам бўлади.
2. Таълим даврида талабаларнинг қизиқишларига кўра фанларни танлаш
Бу усулни аллақачон жорий қилиш лозимлиги ўз-ўзидан аён.
Дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида «йўналиш танлаш» ҳафтасини ўтказишда биринчи курс талабалари танлов курсларида рўйхатдан ўтказилади. Ҳар бир олийгоҳда ўз танлаб ўқиладиган фанлар рўйхати бор. Олийгоҳларда фанларнинг рўйхати, уларнинг қисқа таърифи билан келтирилган каталог мавжуд. Талабаларда ўзи учун фан курси, ўқитувчи ва таълимнинг суръатини танлаш имкони бор. Агар талаба жорий семестрда бирваракайига бешта фанни ўзлаштира олмаслигини билса, айтайлик, уч хил фанни танлаб рўйхатдан ўтказади. Кредит таълим тизимининг вазифаси олинадиган билимлар ҳажмини унификация қилиш (бир хиллаштириш) билан бирга, таълимни максимал равишда индивидуаллаштириш ва мустақил ишнинг ўрнини оширишдан ҳам иборат.
Аввал бакалавриат таълим тизими учун тўрт йилни ташкил қилган «норматив таълим муддати» тушунчасини бекор қилиш лозим. Бундан кейин талаба ўзи учун неча йил ўқиши лозимлигини ўзи белгиласин. Ушбу билим даражасини олишнинг асосий мезони таълим дастурини ўзлаштириш ва 120, 180 ёки 240 кредит баллари тўплашдан иборат. Бу масала талабанинг танловига боғлиқ – у дастурни беш йил ичида ёки, аксинча, агар қўшимча ёзги ёки қишки сессияларда ўқича уч йилда ўзлаштира олиши мумкин.
Шунингдек, олий ўқув юртларига талабаларнинг мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларида ўқишлари ва шундан кейин кредитларни қайта ҳисоблаш учун вақт режалаштириш ҳуқуқини берадиган «кредит мобиллиги» ва «ҳаракатланиш бўш даври» тушунчаларини жорий қилиш керак. Афсуски, ҳозиргача бизнинг талабаларимиз мобиллик дастурига кўра бирор жойга бориб ўқиш учун улар бир ёки икки семестр ўқишни ўтказиб юбораётганликлари сабабли академик таътил олишлари керак эди. Уларни рағбатлантириш ўрнига уларни жазолар эдик. Баъзида ҳайрон бўламан, вазирликда жуда кўп мутахассислар бор бўлса-да, аммо ҳеч ким бу муаммога эътибор бермаган, бироқ вазирликда кўплаб университетларнинг вакилларини қабул қилишганига аминман.
3. «Янги давр» ихтисосликларини жорий қилиш
Мамлакатимиз рақамли технологияларнинг фаол босқичини бошлаши лозим, шу сабабли бизга ушбу соҳа мутахассислари жуда ҳам керак. Ҳозирги кунда мамлакатимиз олийгоҳлари олдида «келажак ихтисосликлари» деб номланадиган рўйхатдан янги таълим дастурларини жорий қилиш каби вазифа туриши керак.
«Smart-технологиялар», «Компьютер мехатроникаси», «Катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш», «Киберхавфсизлик», «Криптология», «Рақамли криминалистика», «Маълумотларнинг интеллектуал таҳлили», «Робот техникаси тизимлари», «Дастурий инжиниринг», «Рақамли гуманитаристика» ва бошқа соҳалар бўйича янги таълим дастурлари 2019 йилнинг ўзидаёқ ишлаб чиқилиши ва жорий қилиниши лозим.
Таълим тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш билан университет таълим дастурларини мунтазам янгилаб бориш масаласи, ниҳоят, ҳал этилишини ёдда тутиш керак – эндиликда уларнинг қўллари «очилди» деб айтиш мумкин. Университетларда стандарт ўқув дастурлари мавжуд бўлмаслиги керак. Ўқув дастурларининг камида 80 фоизи – олийгоҳларнинг ўзида тузилиши керак. Агар 2020 йилдан бошлаб чет эллик талабаларни Ўзбекистонга жалб қилмоқчи бўлсак, барча таълим дастурлари 2019 йил охиригача янгиланиши керак.
4. Ўзбекистонда олинган олий маълумот чет элларда тан олинишига эришиш
Европа ҳудудида Ўзбекистонда олинган олий маълумот ва ихтисос натижалари турли сабабларга кўра тан олинмаслигининг бир неча сабаблари мавжуд: мамлакатимиз Болонья декларациясини имзоламаган ва кредит таълим технологияси ҳамда ECTS асосида баҳолаш тизими бизнинг таълим тизимимизда жорий этилмаган. 2019 йилга келиб Страсбургда жойлашган Европа Кенгашига аъзо барча давлатлар Болонья жараёни конвенцияни ратификация қилди. Конвенсияни Европа Кенгашига аъзо бўлмаган Австралия, Беларусь, Канада, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Янги Зеландия каби давлатлар ҳам ратификация қилган. АҚШ конвенцияга имзо чеккан, бироқ ҳали ратификация қилгани йўқ. Афсуски, Марказий Осий мамлакатлари орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистон Болонья жараёни ҳужжатларини ратификация қилмаган.
5. Мавжуд олий таълим тизимини ўзгартириш – ОТМларга кенгроқ автономия
Олий таълим тизимини такомиллаштириш доимий жараён бўлиб, айнан олий таълим вазирлиги ҳозирда фаол бу иш билан шуғулланиши керак. Бугунги кунда асосий вазифа – олий ўқув юртлари, илмий, бошқарув ва молиявий тизимлар учун кенг автономия бериш, шунингдек, таълим сифатини оширишдир.
Шу билан бирга, академик ва бошқарув эркинлигини ошириш университетларнинг масъулиятини оширишни ҳам талаб қилади.
6. Университет дипломларини сертификация қилиш
Ушбу тизим иш берувчиларга ишга кирувчининг ўзи эълон қилган касб ва малака талабларига мувофиқ келиш-келмаслигини тасдиқлаш имконини беради. Яъни, диплом мавжудлиги ишга жойлашиш ҳуқуқини бермайди.
Шу аснода, ушбу тажриба аллақачон муваффақиятли тарзда амалда қўлланилмоқда ва бир қатор мамлакатларда, масалан, Австралия, Буюк Британия, Ирландия, Норвегия, Туркия, Финляндия, Корея Республикаси каби мамлакатларда амалга оширилмоқда. Масалан, сиз ҳуқуқшунослик ихтисослиги бўлимини тугатишингиз мумкин, аммо бу диплом сизга адвокат бўлиш ҳуқуқини бермайди – адвокат бўлиш учун сиз мустақил ташкилот масалан, адвокатлар коллегияси ёки уюшмаси ўтказадиган махсус имтиҳондан ўтишингиз керак. Ёки аудиторлар учун – аудиторлик дипломи аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бермайди. Бунинг учун аудиторлар уюшмасидан ҳам сертификациядан ўтиш керак. Тиббиёт соҳаси дипломи ҳолатида ҳам худди шундай – тиббиёт олийгоҳидан диплом олганингиз сизга шифокор сифатида ишлаш ҳуқуқини бермайди – бунинг учун сиз махсус имтиҳон топширишингиз керак ва сертификат олганингиздан сўнг, ушбу касбда ҳам ва яна бир қатор йўналишларда ҳам ишлашингиз мумкин.
Бундай тизим бозордан қолоқ олий ўқув юртлари ва дастурларини четлатади – ҳамма ушбу олийгоҳларни битирганлар ўз малакаларини тасдиқлай олмас эканлар, демак ишга жойлаша олмасликларини билишади.
Яна бир чора – давлат намунасида дипломларини бекор қилиш ва ҳар бир олий ўқув юрти ўз дипломларини чиқаришини жорий қилишдан иборат. Диплом ортида давлат эмас, балки муайян олийгоҳнинг номи ва обрўси бўлса, бозор муайян олий ўқув юртининг дипломини баҳолайди.
7. Олий таълимда халқаролашув
Олий таълим тизимининг жозибадорлиги халқаролашув даражаси билан исбот қилинади. Сўнгги 41 йил ичида дунёда халқаро талабалар сони 8,3 баробар ошди ва улар сони қарийб 5 миллион кишига етди. ЮНЕСКОнинг башоратларига кўра, 2025 йилга бориб, хорижий талабалар 7 миллионга етади.
Олий таълимни халқаролаштириш қисқа вақт ичида максимал иқтисодий фойда келтириб, мамлакатнинг геосиёсий мавқеини мустаҳкамлайди. Масалан, 2013–2014 ўқув йилида Франция чет эллик талабаларни жалб қилиш учун ажратилганидан 1,5 баробар кўп пул топди: стипендия ва субсидиялар учун 3,5 миллиард доллар сарфланди, чет эллик талабалар эса яшашлари, йўл харажатлари ва саёҳатлари учун 5,4 миллиард доллар сарфлашган. 2014–2015 йиллар мобайнида чет эллик талабалар Буюк Британия университетларида ўқиш учун 4,8 миллиард доллар тўлашди, турли хил товарлар ва хизматлар учун улар бунга қўшимча яна 5,4 миллиард доллар сарфлашди ва бу билан 207 минг иш ўрнига имкон беришди.
2020 йилга келиб Хитой чет эллик талабалар учун Осиёдаги энг жозибали жой бўлишни режалаштирмоқда – ҳукумат режасига кўра 500 минг чет эллик талабалар Хитой университетларида ўқиши керак. Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш бўйича кенгаш 2017 йил май ойида Россия олий ўқув юртларида тўла муддатли чет эллик талабалар сонини уч баробар ошириш вазифасини маъқуллади: 2017 йилда 220 минг талабадан 2025 йилда 710 минггача. Туркияда 115 минг хорижий талаба бор. Мақсад – талабалар сонини 350 минг нафарга етказиб, хорижий талабалар сони бўйича биринчи бешта мамлакат қаторига кириш.
8. Таълим ва академик маданиятнинг сифати
Олий таълим муассасалари орасида рақобат йўқ. Ўзбекистонда абитуриент фақат битта давлат олий ўқув юртига ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга ва ушбу муассасаларга қабул қилиш танлови ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
Яхлит маданиятини яратиш ва сақлаб қолиш самарали таълим бериш, ўрганиш ва тадқиқ қилишнинг ажралмас қисмидир. Академик яхлитликнинг бузилиши ўрганувчи жамоаларнинг негизи бўлган «ҳақиқат, академик эркинлик, жасорат, сифат ва эркин интеллектуал баҳолаш руҳини» емиради. Ҳақиқатда ҳам барча магистрлик ва докторлик диссертацияларини плагиат дастури орқали текширамизми? Барча номзодлар диссертацияларини ҳимоя қилишдан олдин плагиатга қарши ҳисоботини топширишадими?
Университетларнинг шаффофлигини кучайтириши мумкин бўлган диссертацияларнинг онлайн нусхалари борми?
Фикримча, плагиат муаммоси билимларнинг етишмаслиги билан изоҳланади ва аксар ҳолларда бунинг сабаби рағбат йўқлиги масаласи билан боғлиқ, бу эса ўз навбатида маъруза давомида зерикарарли ва тушуниб бўлмайдиган маълумотлар бериш билан изоҳланиши мумкин. Плагиат таҳлилий кўникмаларни, ижодий фикрлаш қобилиятини, ўқувчиларимизнинг академик потенциалини ўлдиради. Тасаввур қилиб кўрингчи, бундай талабалар иқтисодимизни қандай қилиб ривожлантириши ёки ёш авлодни қандай тарбиялаши мумкин? Биз ўқитиш сифатини оширишимиз, кераксиз фанларни олиб ташлашимиз ҳамда IT-технологияларни ўқув жараёнига жорий қилишимиз ва плагиатдан четлашишимиз керак.
9. Дипломнинг мавжудлиги ишга жойлашишни кафолатламаслиги керак
Университетлар ўз намуналарига кўра диплом беришлари лозим. Университетлар ўз мавқелари, билимлар сифати, профессор-ўқитувчилар таркиби билан кафолат беришлари лозим, ва давлат нусхасидаги дипломлар бекор қилиниши керак, чунки бу омил ҳам олий таълим сифатига таъсир қилади. Таълим тизимида сертификация жуда муҳим масалалигича қолмоқда. Сифатни таъминловчи чора сифатида қараладиган ва миллий квалификация тизимининг ўта муҳим элементларидан бири бўлмиш сертификация ўтказиш тартиби жорий қилишини лозим.
Бизда профессионал стандартларнинг етарли сони йўқ, махсус сертификация марказлари етарлича тайёрланмаган, ва шу сабабдан бизда ечилиши лозим бўлган муаммолар талай. Диплом бўлса, жуда ҳам яхши, аммо диплом эгаси ўзига муайян квалификация берилганлиги ҳақида сертификат ҳам олиб келиши лозим. Ушбу тизим аллақачон бир неча мамлакатларда амал қилиняпти.
10. Сиртқи таълим қараганда part time тизими самаралироқ эмасми?
Сиртқи бўлимларда таҳсил олувчилар кундузги бўлим ўқув дастурининг умумий билимлар ҳажмининг атиги 50–60 фоизини ўзлаштиришади холос. Шунда ҳам доимо сифатли ўзлаштириш кузатилмайди. Шунингдек, сифатсиз таълим мамлакат хавфсизлигига таҳдид эканлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Мутахассислар қарорлар қабул қилиш лозим бўлган соҳага ишга келишса. Масалан, гайка нотўғри бураб қўйилса, бир кун келиб қурбонларга олиб келиши мумкин. Педагог ёки муҳандис тегишли ва ўргатиши лозим бўлган тўғри таълимни бермаса, жамиятга зарар келтиради.
Биз part time тизими зарурлигини англашимиз керак. Одамлар турли-туман вазият ва шароитда яшаётгани учун уларда бундай имкониятга эҳтиёж бор. Аммо бу тизимга бироз ўзгартиришлар киритиш лозим. Ҳозир тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар тайёрланиши лозим. Бироз ўзгартиришлар киритилган кўринишда part time бизда жорий қилиниши лозим. Биринчи ўзгартириш —талабаларга давлат умумтаълим стандартига кўра тегишли ўқув дастури дарслари ҳажмининг 65 фоизини эмас, балки 100 фоизини ўқитиш лозим. Иккинчидан, масофали ўқитиш технологиядан фойдаланишни жорий қилишимиз лозим. Бу эса махсус тизим ишлаб чиқишни талаб қилади.
11. Қишлоқ квоталари асосида университетда таҳсил олиш имкониятини ошириш керак
Сўнгги бир неча ўн йилликда Ўзбекистон шаҳарлари марказларидан ташқи томонга қурилиш давом этаётган шаҳарлар чети ҳудудлари — «шаҳар агломерациялари»да яшаш имконияти шароитлари ва барқарорлигини ошириш учун қоидалар ишлаб чиқиш лозим. Қишлоқларда юқори малакали эксперт-мутахассисларнинг ва саводли ёш авлоднинг етишмаслиги каби яна бир муҳим муаммога дуч келиш мумкин. Қишлоқларда мутахассисларнинг етишмаслиги масаласи долзарблиги туфайли давлат қишлоқдан келган абитуриентлар учун муайян имтиёзлар таклиф қилиши лозим. Қишлоқдан келган абитуриентлар учун давлат ҳисобидан ўқишга қабул бўлиш учун кириш баллари шаҳарлик абитуриентлар учун қўйиладиган балларга қараганда пастроқ бўлиши лозим. Таҳсил тугагач, университетдаги махсус комиссия битирувчи 3 йил қайси қишлоққа бориб ишлаб беришини белгилаши лозим. «Қишлоқ квотаси» бўйича таҳсил олиш грантларини олган талабалар таҳсил тугагач қишлоқ ҳудудларида 3 йил ишлаб беришлари керак. Бу талаб педагогик, тиббий ва ветеринар ихтисослар бўлимларини битирувчиларга қўлланилиши лозим.
12. Университетларда кўнгиллилик тизимини бошлаш керак
Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ваучер тизимини жорий қилиши мумкин. Шартли равишда олсак, вазирлик кўнгилли талабаларга соатига 5 минг сўм тўлаши мумкин. Минтақа ва талабаларнинг ҳунарлари ва билимларидан келиб чиқиб, тўлов нархи турлича бўлиши мумкин. Ижтимоий талабалар ваучери ижтимоий йўналишда иш олиб борадиган, ижтимоий фойдали ишлар билан шуғулланадиган талабаларга берилади.
Ушбу лойиҳада университет талабаларига икки хил ваучерлар таклиф қилиниши мумкин:
Биринчи тури — 20 соат кўнгиллилик фаолияти учун. Бу ваучер асосида олдидан тасдиқланган фан бўйича келишилган баллар қўшилган ҳолда 100 минг сўм пул тўланади ёки келишилган фанлар бўйича икки академик кредит қўшилади.
Иккинчи тури — 50 соат кўнгиллилик фаолияти учун олдиндан тасдиқланган фан бўйича белгиланган баллар қўшган ҳолда 250 минг сўм пул тўланади ёки келишилган фанлар бўйича беш академик кредит қўшилади.
Ижтимоий талабалар ваучери қуйидаги йўналишлар бўйича ижтимоий йўналтирилган, ижтимоий фойдали фаолият олиб борувчи талабаларга берилади:
1) инклюзив таълим;
2) репетиторлик (ўзбек тили, рус тили, инглиз тили, компьютер саводлилиги);
3) тарбияси оғир балоғатга етмаган болалар билан ишлаш;
4) маҳалла/ҳовли ва спорт клублари ташкил қилиш;
5) қариялар билан ижтимоий иш.
Ушбу лойиҳага йилига 50–100 минг талабани жалб қилса бўлади.
13. ОТМларнинг долзарб муаммолари — паст савияли кадрлар
Таълим хизматларига бўлган талабнинг ошиши таълим муассасалари сонининг ошишига олиб келибгина қолмай, адолациз рақобатни ҳам келтириб чиқаради. Таълимнинг нотизим олиб борилиши хавфи мавжуд, яъни ўқитиладиган курслар мажмуаси соҳа ўқитувчиларининг бор-йўқлигига асосланиб танланади. Кўп ҳолларда чиройли номланган курслар ортида объектив шаклда эски мазмун ётади. Дастурларни шакллантириш жараёнида, аксар олий ўқув юртлари билимлар тизими ҳақида ўйламасдан, балки таълим хизматларининг компетент бўлмаган истеъмолчисининг талабларини қондиришга уринишади.
Мутахасислар ёшининг қариб бораётгании замонавий университетларнинг долзарб муаммоларидан биридир. Ёш ўқитувчиларни тайёрлаш талабалар сони ошиши суръатидан секинроқ ўтмоқда. Шу сабабдан университетлар малака савияси паст ўқитувчиларни ишга олишга мажбур бўлаётганликлари ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.
Университетлар билан бирга давлат ҳам барча имкониятларни ишга солиб профессор-ўқитувчиларнинг фаоллигини оширишга интилиши лозим. Бунинг учун таълим соҳасида маошлар миқдорини босқичма-босқич ошириш, грантлар таклиф қилиш йўли билан илмий фаолиятни рағбатлантириш лозим.
14. Илмий даража тизимини халқаро стандартларга мослаш керак
Халқаро тажрибада олийдан кейинги таълимда бир босқичли докторантура тизими амал қилади: бакалавр-магистр-фан доктори. Юқори поғона – фалсафа доктори (PhD). Агар биз Ўзбекистон таълим тизимининг жозибадорлигини оширишни мақсад қилиб қўйсак, уни рақобатбардош қилиш, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва замонавий тизимларга риоя қилишимиз керак. Ўзбекистонда иккита докторлик даражаси бор: таянч – фалсафа доктори ва олий – фан доктори. 2012 йилда ОАК бир босқичли докторлик (базавий докторантура «номзодлик») тизимига ўтди. 2017 йилда яна икки босқичли тизимга ўтилди. Нимаймиш, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун «фан номзоди»ни «фалсафа доктори»га алмаштириш бўлди, яъни бу ерда номдан бошқа ҳеч нарса ўзгармади. Яъни, ҳозирги тизимда талаблар бирмунча кучайтирилган, номлар европалаштирилган, холос. Халқаро амалиётда фан номзоди даражаси ва фалсафа доктори даражаси – бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар. Албатта, ҳозирги тизим, 2012–2017 йилда амал қилган бир табақали тизим мамлакатимиз илм-фан ривожига кўрсатган катта салбий оқибати сабаблигина ундан яхшироқ кўринади. Афсуски, 2012–2017-бир босқичли докторантура тизимини «ижод» қилганлар ишни бошлашган-у ундан кейинги босқич шартларни амалга оширишмай ишни «чала» ташлашган. Чаласаводлик билан бошланган ислоҳот на совет даври докторантурасига, на Ғарб доктрантурасига ўхшаб қолди.
15. Рақамли таълим майдони ва янги технологиялар
Рақамли платформа ва янги технологиялар таълим жараёнини тубдан ўзгартириб юборди. Ҳаммани бир жойда йиғиб ёки ҳарбийлаштирилган, яъни синф хоналарда барча талабаларга бир вақтнинг ўзида бир хил билим берадиган услуб қайтариб бўлмас даражада эскириб қолганлигига қарамасдан бизда амал қилишда давом этмоқда.
16. Давлат ҳар бир грант ўрни учун университетга пул тўланишини кафолатлаши керак
Грантлар сонини кўпайтириш масалага бўлган ечимлардан биридир. Масалан, 2017 йилда Қозоғистонда 2016 йилга нисбатан давлат грантлари сони 10 мингга кўпайди. 2018 йилда ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари туфайли грантлар сони қўшимча 20 мингга кўпайган. Натижада грант танлови бўйича олий ўқув юртида бир талаба ўрни учун 1,4 нафар абитуриентни ташкил этди. Кўриб турганингиздек, давлат мисли кўрилмаган миқдордаги грантларни ажратмоқда. Ўйлайманки, биз ҳам келажакда грантлар сонини қисқартиришмас, балки ошириб боришимиз керак.
Давлат ҳар бир грант ўрни учун университетга пул тўланишига кафолат бериши, яъни университет учун ажратилган грант унинг гарданида бепул ўқийдиган талаба бўлиб қолмаслиги керак, ваҳоланки университетлар бепул ўқийдиган талабалар сони кўп бўлишини хоҳлашмайди, уларга кўпроқ шартнома асосида ўқийдиган талабалар керак.
* * *
Университетларимизни жозиб ҳолга келтириш учун, олийгоҳларимизнинг раҳбариятининг ишлаш тарзини ўзгартиришимиз керак, ҳар бирининг ўзгача «монополияси» бор. Баъзан ишлаётган, кучли, билимли олимларни йўқотишга ҳаракат қилишади. 25–30 ёшли беш ўқитувчи муаллифлигида 32 бетли бир неча «рисолача», қўлланмалар икки йиллаб нашр режага кириталадию, амалда бир саҳифа ҳам ёзилмайди. Ишга олинган ёш домлалар бир йилда битта тезис ёзмайди. Қанақа илм ва илмий компетенсия ҳақида гап кетиши мумкин. «Репетиторлик» авжига чиққан, дарс пайтида ўқитувчи талабаларга топшириқ бериб, нариги ҳонада репетиторликка чопади. Ўқитувчиларни, ёш кадрларни молиявий қарамликдан қутқариш зарур.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)