Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2019—2020 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.
Бугунги кунда республикада 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Шундан 7 таси ўғил болалар, 2 таси аёл-қизлар учун мўлжалланган.
Мазкур таълим муассасаларига жами 4252 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган ўқув йилида ҳужжат топширган абитуриентлар сонига нисбатан 2,5 баробарни ташкил этмоқда.
Жорий йилдаги қабул жараёнларига юқори даражада тайёргарлик ишлари кўрилган бўлиб, кириш тест синовларини янада шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида жорий ўқув йилидан бошлаб тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилмоқда.
Бу йилги тест синовлари барча диний таълим муассасаларида бўйича махсус тайёрланган павилонларда ўтказилмоқда. Мазкур павилонларда тест жараёнларини кузатиб бориш учун кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, тест жараёнлари абитуриентларнинг ота-оналари учун катта мониторлар орқали тўғридан-тўғри узатиб борилмоқда. Шунингдек, ота-оналарнинг дам олишлари учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган.
Абитуриентларни бинога тартибли киритиш, уларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш мақсадида Ички ишлар, Миллий гвардия ва тиббиёт ходимлари жалб қилинган.
Тест синовлари эрталаб соат 9:00 да бошланган бўлиб, 12:00 гача давом этади. Абитуриентлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш учун «Чет тили», «Тарих» ва «Маънавият асослари» фанлари бўйича тест синовларини топширмоқда.
Изоҳ (0)