7 июль, якшанба куни футбол бўйича Копа Америка—2019 мусобақасининг финалида Тите қўл остидаги Бразилия терма жамоаси Перу термасга қарши майдонга тушди.
Беллашувнинг 15-дақиқасида бразилиялик ҳужумчи Эвертон Соарес ҳисобни очган бўлса, 44-дақиқага келиб Перу термаси аъзоси Паоло Герреро Алиссон Беккер қўриқлаётган дарвозага пенальтидан гол урди (1:1). Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳужумчи Габриэль Жезус жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди (2:1).
2-бўлимнинг сўнгги дақиқаларида эса Перу дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Ундан Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ришарлисон унумли фойдаланди (3:1).
Қайд этиш жоиз, ўйиннинг 70-дақиқасида Габриэль Жезус қизил карточка билан жазоланди.
Шу тариқа Бразилия Перуни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.
Маълумот учун, бразилияликлар 12 йил ичида илк бор, тарихда эса 9-маротаба мазкур мусобақада ғолиб бўлди.
Бу борада қитъада Аргентина ҳамда Уругвай терма жамоалари етакчи ҳисобланади. Аргентина 14 марта, Уругвай эса 15 маротаба ғолиблик нашидасини сурган.
Копа Америка—2019
Финал баҳси
7 июль, якшанба
Бразилия—Перу 3:1
Голлар: 1:0 — 15 Эвертон, 1:1 — 44, пенальти, Герреро, 2:1 — 45 Габриэль Жезус, 3:1 — 90, пенальти, Ришарлисон.Бразилия: Алиссон, Маркинёс, Алекс Сандро, Дани Алвес, Тиаго Силва, Каземиро, Коутиньо (Эдер Милитао, 77), Артур, Фирмино (Ришарлисон, 75), Эвертон (Аллан, 90), Габриэль Жезус.
Перу: Галесе, Самбрано, Адвинкула, Абрам, Трауко, Флорес, Йотун (Руидиас, 78), Куэва, Каррильо (Polo, 86), Тапия (Гонсалес, 82), Герреро.
Огоҳлантиришлар: Габриэль Жезус (30), Тапия (49), Тиаго Силва (53), Самбрано (68), Адвинкула (84), Ришарлисон (90).
Четлатиш: Габриэль Жезус (70).
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)