Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида 6 июль куни соат 03:30 ларда номаълум ҳайдовчи аниқланмаган автомашинани «Ёнариқ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Тошкент-Ўш» А-373 йўлининг 151-км.да ҳайдаб кетаётиб пиёда, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаган 46 ёшли К.Раҳмонқуловни уриб юбориб воқеа жойидан кетиб қолган. Натижада К.Раҳмонқулов жароҳат олиб воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган номаълум ҳайдовчини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи ва унинг бошқарувидаги автомашина ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлган фуқаролардан ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига ёки «102» телефон рақамига хабар бериш сўралган.
Изоҳ (0)