Сурхондарёда мусодара қилинган автомашиналарни арзон нархда олиб беришни ваъда қилиб, фуқароларнинг пулларини олиб қўйган шахс ушланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.
Жорий йилнинг 26 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган 35 ёшли С.Қ. Ўзбекистон Республикаси ДХХ вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, унда таниши, Гулшан кўчасида яшовчи, муқаддам судланган 44 ёшли Ғ.Э. ўзининг танишлари, Ю.Ражабий кўчасида яшовчи, 60 ёшли Ш.Ш. ҳамда Олтинсой туманида яшовчи 41 ёшли Н.М.ларга, С.Қ.нинг Ўзбекистон Республикаси ДХХ вилоят бошқармасида ишлашини, уни танишини ва у орқали мусодара қилинган машиналарни олиб беришини айтиб, алдов йўли билан ишончига кириб, улардан пул олиб юрганлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида Ш.Ш. ва Н.М.лар ҳақиқатан ҳам Ғ.Э., С.Қ.ни уларга ДХХ ходими сифатида таништириб, мусодара қилинган автомашиналарни олиб беришини ваъда қилиб, улардан жами 240 млн. сўм пул олганлиги аниқланган. Ғ.Э.қўлга олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.