Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди (522-сон, 25.06.2019 й.). Бу ҳақда Ўзбекистон Республика Адлия вазирлиги Telegram’даги расмий «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар қилади.

Фото: «Norma.uz»

Қарорга мувофиқ, республика ҳудудида 2019 йил 1 июлдан бошлаб ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса барча хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий тартибда жорий этилади.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий ахборот маркази ДУK электрон ҳисобварақ-фактураларни марказлаштирилган ҳолда сақлаш, операторлараро узатиш ва ҳисобини юритиш бўйича ваколатли роуминг оператори этиб белгиланди.

Қарор билан ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.