2019 йил 26 март куни Озодлик радиоси «Bugun.uz» Telegram каналида «...Наманган шаҳар маъмурий суди раиси Ж.Ҳусенов 27 декабрда маҳаллий тадбиркор Сайдулло Эргашев фойдасига чиқарган ҳукмини орадан икки ой ўтиб ўзи қайта кўриб чиққани ва ўзи бекор қилгани...» ҳақида сўз юритилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати хабар беди.
Хабарда ҳақиқатдан ҳам, суд амалиётида бундай ҳолатлар учраб туриши таъкидланган.
Наманган шаҳар маъмурий судининг 2018 йил 27 декабрдаги қарорига асосан ҳуқуқбузар Л.Таджибаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 2 (икки) баравари миқдорида, яъни 405 460 сўм жарима жазоси тайинланган ҳамда ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган 25 000 000 сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Суд қарорига кўра, Л.Таджибаев Наманган вилояти Инвестициялар бош бошқармаси Наманган шаҳар бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаб келгани ҳолда хусусий мулк ҳуқуқини, яъни тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиб, 2018 йил 11 ноябрь куни Наманган шаҳар «Сардоба» бозори ҳудудида шаҳарни ободонлаштириш ва бозор ҳудудидаги ноқонуний савдо расталари ва павильонларида тозалов тадбирлари ўтказиш даврида якка тартибдаги тадбиркор С.Эргашевга тегишли бўлган 25 000 000 сўмлик полиэтилен (селофан) маҳсулотларини олиб қўйиб, Наманган шаҳар «Мустақилликнинг беш йиллиги» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Тоза ҳудуд» ДУКга қарашли марказий чиқиндихонага олиб бориб, ёқиб юборган.
2019 йил 22 февраль куни ҳуқуқбузар Л.Таджибаев Наманган шаҳар маъмурий судининг 2018 йил 27 декабрдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган.
Наманган шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 25 февралдаги ажримига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича суд қарори бекор қилиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодексининг 278-моддасига асосан қўшимча суриштирув ишларини амалга ошириш Наманган шаҳар прокуратурасига юборилган. Ҳозирда маъмурий ҳуқубузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари қайта тақдим қилинмаган.
Изоҳ (0)