ФИФА кунлари доирасида футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 7 июнь, жума куни Тошкентда КХДР термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди.
Учрашувда ҳисоб 29-дақиқада Одил Аҳмедов томонидан очилди. Жалолиддин Машариповга ишлатилган қўполлик учун туркманистонлик ҳакамлар бригадаси пенальти белгилади, уни эса терма жамоа сардори аниқ амалга оширди. Иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида Темурхўжа Абдуҳолиқов Достон Иброҳимовнинг узатмасини голга айлантирди. Орадан уч дақиқа ўтиб, Игорь Сергеев рақиб дарвозабони ва ҳимоячисининг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни йириклаштирди. Ўйинга якуний нуқтани қўйиш иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Достон Турсуновга насиб этди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Шимолий Кореяни 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси бугунги ўйинга қадар шимолликлар билан 9 марта тўқнаш келганди. Шулардан 6 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган, 2 та баҳсда дуранг қайд этилган бўлса, яна битта ўйинда корейсларнинг қўли баланд келганди.
Ўртоқлик ўйини
7 июнь, жума
Ўзбекистон — КХДР 4:0
Голлар: 1:0 — 29 Одил Аҳмедов, 2:0 — 65 Темурхўжа Абдуҳолиқов, 3:0 — 68 Игорь Сергеев, 4:0 — 90+2 Достон Турсунов.Ўзбекистон: 12.Санжар Қувватов, 2.Ҳожиакбар Алижонов (6.Давронбек Ҳошимов, 46), 3.Достон Турсунов, 4.Акром Комилов, 5.Анзур Исмоилов, 7.Одилжон Ҳамробеков, 8.Икром Алибоев (19.Остон Ўрунов, 66), 9.Одил Аҳмедов (21.Сардор Мирзаев, 84), 10.Жалолиддин Машарипов (17.Қувондиқ Рўзиев, 84), 11.Темурхўжа Абдуҳолиқов (15.Игорь Сергеев, 66), 22.Достон Ибрагимов (23.Хуршид Ғиёсов, 74)
КХДР: 18.Син Ҳёк, 3.Жанг Кук Чол, 6.Ри Тонг Ил, 7.Чое Жу Сонг, 8.Ҳан Таэ Ҳёк, 9.Ким Ёнг Ил, 13.Сим Ҳён Жин (14.Ҳонг Жин Сонг, 62), 15.Ри Ун Чол, 17.Ри Чанг Ҳо, 19.Рим Кванг Ҳёк (12.Сонг Жонг Ҳёк, 80), 23.Ри Ёнг Чол
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)