Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан вилоятда «Профилактик тиббиёт: бугун ва эртага» мавзусида хорижий олимлар иштирокидаги анъанавий илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади. Бу ҳақда институт матбуот хизмати котиби «Дарё»га хабар берди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Соғлиқни сақлаш вазири, Жаҳон соғлиқни сақлаш Ассамблеясининг вице-президенти Алишер Шодмонов, Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти профессори Ш.Аҳмедов, Германия ҳамкорлик ташкилоти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги вакили Э.Тотева ҳамда АҚШ, Германия, Туркия, Украина, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган таниқли олим ва профессорлар, Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларининг малакали мутахассислари, магистр, ординатор ва талабалар иштирок этди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири, Жаҳон соғлиқни сақлаш Ассамблеясининг вице-президенти А.Шодмонов Ўзбекистонда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ютуқли натижаларга алоҳида тўхталиб, Андижонда профилактика йўналишида катта ўзгаришлар бўлаётганлигини ва соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича муайян ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур анжуман ҳам Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йилнинг 18 декабрида имзоланган «Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзинпи қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлашга қаратилганлигигаалоҳида урғу берди.
Кун тартибидан ўрин олган долзарб мавзулар бўйича АDTI профессори, академик Н.Мамасолиэв «Юқумли бўлмаган касалликлар скрининги ва профилактикаси: 2019 йил инновациялари, глобал якунлари», Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Р.Мамутов «Ўткир миокард инфаркти миллий регистрини яратиш истиқболлари», профессор А.Юлдашев «Ичаклар нормал микробиосенози – баркамол ривожланиш ва касалликлар профилактикаси асоси», ҳиндистонлик мутахассис Сунил Пракаш «Буйрак трансплантацияси: даволанмайдиганни даволаш», АҚШнинг Мичиган университети профессори А.Дадабоэв «Турли сурункали оғриқларда рационал фармакотерапия принциплари» мавзусида маъруза қилдилар. Шунингдек, иштирокчилар оналик ва болалик, ичкива хирургик касалликлар ҳамда тиббий-биологик фанлар бўйича глобал мавзуларда сўз юритиб, маҳорат дарсларини олиб борди.
Ушбу халқаро анжуман давом этмоқда.
Изоҳ (0)