Қирғизистоннинг собиқ прокурори Аида Салянова «криминал авторитетни ноқонуний озод қилгани» иши бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати маълум қилган.
Қайд этилишича, ҳозирда Салянова вақтинчалик сақлаш изоляторида. У ўз ваколатини суиистеъмол қилганлик ва криминал авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича айбланмоқда.
Аввалроқ шу иш юзасидан бир неча шифокорлар, собиқ бош вазир Шамиль Атаханов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги собиқ вазири Динара Сагинбаева ва жазони ижро этиш хизмати раисининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев қўлга олинган эди. Уларга нисбатан коррупцияда иштирок этиш, шунингдек ҳужжатларни қалбакилаштиришда иштирок этиш иши бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Батукаев 2006 йилда Бишкек шаҳри яқинида колонияда оммавий тартибсизлик уюштиргани учун 18 йил-у 8 ойга ҳукм қилинган. Ҳужум пайтида Қирғизистон парламенти депутати Тиничбек Акматбаев, жазони ижро этиш бошқармаси раҳбари Икматулла Полотов ва парламентнинг икки нафар ходими ўлдирилган эди.
Орадан 7 йил ўтиб Батукаев шифокорлар комиссияси хулосасига кўра қон саратони касаллигининг сўнгги босқичи ташхисини билан муддатидан олдин озод қилинган. Бир неча соат ўтганидан кейин эса янги паспорт билан шахсий самолётда мамлакатдан чиқиб, Чеченистонга кетган. Кейинчалик маълум бўлишича, унинг озод этилишига Қирғизистон мансабдор шахслари ҳам алоқадор бўлган.
Изоҳ (0)