Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида «Йилнинг энг яхши ўқувчиси» кўрик-танлови ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси ташаббуси, туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танловда мактаб босқичларининг 188 нафар ғолиби иштирок этди.
Улар «Йилнинг энг билимдон ўқувчиси», «Йилнинг энг яхши ижодкор ўқувчиси», «Йилнинг энг яхши ҳунарманд ўқувчиси» ва «Йилнинг энг яхши ихтирочи ўқувчиси» каби тўртта номинацияда ўзаро беллашди.
Танловда ғолибликни қўлга киритган 4 нафар ўқувчига туман ҳокимлиги томонидан компьютерлар топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган 8 нафар ўқувчи эса телевизор ва микротўлқинли печ билан тақдирланди.
Танловда иштирок этган барча ўқувчиларга китоблар тарқатилди.
Изоҳ (0)