Бухоро деҳқон бозорида 15 яшар қиз фаррош томонидан калтакланди. Бозор маъмурияти ходимларининг билдиришича, ушбу ҳолат сотувчиларнинг маҳсулотларни ўзига белгиланган савдо растасида эмас, кўчада савдо қилиши оқибатида юзага келган. Айрим сотувчилар эса бу бозор раҳбарларининг буйруғи билан рўй берганини билдирмоқда.

Фото: «Дарё»

Жорий йилнинг 14 май куни эрталаб Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси, Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази, Бухоро шаҳар ИИБ вакиллари ҳамда марказий деҳқон бозори маъмурияти ходимлари томонидан фуқароларнинг рухсат этилмаган жойда ноқонуний савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланишларига чек қўйиш мақсадида ҳамкорликда тадбир ўтказилган. Тадбир давомида ходимлар ва сотувчилар ўртасида жанжал содир бўлган. Жанжал оқибатида 2004 йилда туғилган нон сотувчи қиз Мафтуна Ғаффорова (исми-шарифлар ўзгартирилган) лўли миллатига мансуб бозор ходимаси Ҳуррият Йўлдошева томонидан сочидан бураб муштланган ва бурни қонатилган.

Фото: «Дарё»

— Бу қизнинг онаси Россияда, уйи йўқлиги учун менинг уйимда яшайди, онаси менга ишониб, қарамоғимга қолдирган. 40 йилдан буён нон пишириб сотаман. Қўлимда элликка яқин одам ишлайди. Шу куни нон сотувчилар нонларни аравачага юклаб, «Буюм бозори»га олиб чиққан. У қиз ҳам қўшилишиб борган. Назоратчилар белгиланган жойда сотишни талаб қилишган, бу тўғри. Лекин талаб уриш, сўкиш ёки калтаклаш орқали амалга оширилмайди. Нон сотувчиларнинг аравачасини судраб, зўрлик билан тортиб чиқариб ташлашаётганда улар қаршилик кўрсатган. Кейин жанжал бошланган. Шу топда жон ҳолатда югуриб етиб бордим. Ҳуррият Йўлдошева ташқаридаги жанжал етмагандек, нон сотиш растасига қочиб келган қизни сочини тутамлаб ўраб олиб, муштлаган. Ундан «Нима бўлди, нега уряпсан?» деб сўрасам, «Агар кўча сотувчиларини уриб, расталарга олиб киришга ёрдамлашсам, яхшироқ пул беришаркан», деди. Бозор раҳбарининг сотувчи, тадбиркорларни уриши ва урдириши биринчи маротаба эмас. Жуда кўп жойларга мурожаат этдик. Лекин ҳаммаси босди-босди бўлиб келган, — деди тадбиркор Тўйгул Мажидова.

Мафтуна Ғаффорова учун «Тез ёрдам» машинаси чақирилиб, шифохонага олиб кетилган. Қизга қон босимининг ошиши ҳамда мушт оқибатида қаттиқ бош оғриғи ташхиси қўйилган.

Бухоро марказий деҳқон бозорига жорий йилда 187 миллион сўм эвазига 82 та видеокамера қўйилган. Жанжалнинг ҳар бир ҳолати видеотасвирларга муҳрланган. Мавжуд, лекин овозсиз лавҳаларда ҳамкорликда ўтказилаётган тадбир давомида бир нечта сотувчиларнинг ҳам назоратчиларга ташлангани ва қаршилик кўрсатгани ҳолати бор.

— Иложимиз йўқ. Маҳсулотларимизни тезроқ йиғиштириб олмасак, эпчиллик қилмасак, уларни лўли фаррошларнинг олиши ҳеч гап эмас. Улар нонгаям, меваларгаям сурбетларча ёпишади. Бермасангиз, қаршилик кўрсацангиз, уради. Ҳатто ҳомиладор аёлларни, қизларни ҳам уришган. Маъмуриятдагилар томошабин бўлиб ўтиради. Бунинг сабабини лўли фаррошлардан сўрасак, «Агар шу ишларни қилмасак, бизни ишдан бўшатишади», дейишди. Бозор раҳбари улар орқали қандай натижага эришмоқчи бўляпти, билмадим, аммо бу йўл нотўғри, сотувчи, тадбиркорлар зиёнига хизмат қилади, холос, — дейди Тўйгул Мажидованинг келини.

Маълум бўлишича, Бухоро Марказий бозорида 35 нафар фаррош бўлиб, шундан 28 нафари лўли миллатига мансуб. Жанжал ҳолатларини видеотасвирдан кузатар эканмиз, унинг Бухоройи шарифга ташриф буюриб, бозорлари билан танишишга чиққан кўплаб сайёҳлар кўз ўнгида рўй берганини афсус билан қайд этиш жоиз.

Фото: «Дарё»

— Шундоқ жанжал пайтида хорижликлар ҳам келишди, кўришди, гувоҳ бўлишди, суратларга олишди,—дейди Шаҳло исмли пишириқ сотувчи аёл. — Мафтуна ақлли, эсли-ҳушли қиз. У биров билан жанжаллашадиган ёки талашадиган эмас. Қўққисдан фаррош хотин келиб, унинг уришини кўриб, йиғлаб юбордим. Кўз олдим қоронғулашиб, ҳушдан кетибман.

Мазкур ҳолат шу куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ Шакл-2 китобига 288/1471-рақами билан қайд қилинган. Ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

— Яқинда вилоят ҳокими бошчилигида Бухоро марказий деҳқон бозорининг олд қисми тартибга келтирилиб, замонавий автотураргоҳ қилинди. Олиб борилаётган сайъ-ҳаракатларга қарамай, барибир сотувчилар ноқонуний савдога йўл қўйишдан чекинмаяпти. 15 яшар қизнинг жанжал оқибатида жабрлангани борасида текширув ишлари олиб борилмоқда. Барча ишлар қонун доирасида амалга оширилади. Шу нуқтаи назардан тадбиркор қарамоғида бўлган мактаб ўқувчисининг бозорда нон савдосига жалб этилгани ҳам ўрганилади,—деди ҳудуд профилактика инспектори, майор Элдор Аслонов.

Фото: «Дарё»

Суҳбат чоғида ўзини жондорлик Гулнора Саидова, деб таништирган аёл:

— Болаларимга ёрдам бериш учун бозорга тез-тез келиб тураман, уларнинг савдо ишларига қарашаман. Бозор раҳбари ўтган йилдан буён фарзандларимга азоб бериб келади. Болаларим чек тўлайди, шартнома қилишган. Икки нафар сотувчиси ҳам бор. Ўзаро келишмовчилик оқибатида қизим Гулмира Файзиевани уриб, ҳаммаёғини кўкартирган. Бирор марта қизимнинг аҳволини сўраб-суриштирмаган,—деди.

«Бухоро Марказий деҳқон бозори» АЖ раҳбарининг ўринбосари Гулчеҳра Авезованинг билдиришича, тадбиркор Гулмира Файзиева билан бўлган тортишувда аслида аёл бозор раҳбарига шиддат билан ташланган. Шу пайтда Бобур Собиров ўзини четга олган ва оқибатда қиз бетонга юз қисми билан йиқилиб, жароҳат олган.

Маълум бўлишича, орадан вақт ўтиб, шахсан Бухоро шаҳар ҳокими бозор раҳбари иштирокида йиғилиш ўтказиб, тадбиркорга тушунмовчиликларга чек қўйиш, ярашиб, келишиб ишлаш таклифини билдирган. Бироқ у буни рад этган.

Суриштирув давомида 15 яшар қизнинг калтакланишидан ташқари, бошқа муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланган. Қатор сотувчи ва тадбиркорлар томонидан бозор маъмурияти вакилларидан норозилик бўлган. Тартиб ўрнатиш ўзи ёки бошқалар қўли билан уриш-урдириш ва ҳақоратлар орқали амалга оширилаётгани билдирилган. Ўзини таништиришни истамаган бир неча сотувчилар ҳам буни инкор этмаган.

— Нотўғри гап! Бир неча тадбиркор ва сотувчининг фикри билан хулоса чиқариш керак эмас. Бизнинг зиммамизга бозорни капитал таъмирлаб, замонавий кўринишга келтириш вазифаси қўйилган. Мазкур бозор 2008 йилда қайта қуриб топширилган. Жуда кўп жойлари таъмирга муҳтож ҳолга келган эди. Биз уни қайта таъмирладик. Четдан келиб, кимдир ёрдам берган эмас. Ҳамма харажатлар бозор маблағларидан, тушумларидан қопланди. Бозорнинг пул тушуми олдинги йилларга нисбатан бир неча баробар ошди. Иқтисодий кўрсаткичлар молиявий ҳужжатлар билан тасдиқланган. Бозор атрофи ва ташқи фасадларининг таъмиридан сўнг расталар таъмирига ўтилди. Ҳар бир раста ва ўрин-жойларни таъмирлаб, рақамлаб чиқилди. Улар сотувчи ва тадбиркорларга тегишлича топширилди.

Бироқ, шундай шароитлар яратиб бериш баробарида уларга бирор маҳсулотни ерга қўйган ҳолда сотмаслик талабини ҳам қўйдик. Бу борада ҳар бир тадбиркор билан келишув шартномалари имзоланган. Маҳсулотни кўчада ёки ерга қўйиб сотмаслик, савдо ишини тўғри ва тартибли йўлга қўйиш мақсадида савдо маданияти талаб қилинаётгани бир неча тадбиркор ҳамда сотувчиларга ёқмаяпти. Чунки улар йиллар давомида ўз маҳсулотларини ерга қўйиб, савдо қилиб келишган. Шунинг учун ҳам улар ўзига белгиланган расталар боришни истамаяпти. Яширишнинг ҳожат йўқ, кўп бор ўзимнинг ҳам ёқаларимни йиртиб ташлашган. Аммо ҳеч қачон ўзим томонимдан ҳам, маъмурият вакиллари томонидан ҳам уриш ёки биров орқали урдириш буйруғи берилмаган.. Ваколатимдан келиб чиқиб, ўз хизмат вазифамни бажаришга, яъни уларни қонун доирасида ишлашга, тартиб билан савдо қилишга чақиришга мажбурман, — дейди «Бухоро Марказий деҳқон бозори» АЖ раҳбари Бобур Собиров.

Фото: «Дарё»

«Бухоро Марказий деҳқон бозори» АЖ ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги шартномадан ташқари, сотувчи ва тадбиркорлар томонидан «Белгилаб берилган талабларни тўғри тушунган ҳолда мен ўз савдо фаолиятимни қонун доирасида амалга оширишга, фақат бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойда савдо қилишга, ерда ўтириб савдо қилмаслик ҳақида ушбу тилхатни бераман. Ушбу тилхатда қайд этилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда менга нисбатан қонун доирасида чора кўрилиши ва жамият ҳудудида савдо фаолиятимни олиб боришим та’қиқланиши ҳақида огоҳлантирилдим» мазмунида тилхат ёзилган.

Бироқ, бозор назоратчиларининг айтишича, сотувчи ва тадбиркорларга тўғри талаб қўйилса, улар ходимларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилиш ҳолати ҳам кўп кузатилган.

— Бир неча сотувчи ва тадбиркорлар ортларида турган лавозимдор шахслар қўнғироқ қилиб, «Сенга муаммо керакми?!» дейишади. Ерда ва кўчада маҳсулотини сотувчилар бир кунда бир неча бор йиғиштирилади. Ҳар бир тадбиркорнинг бошига кун-узун ўтирмаймиз-ку! Биз тартиб талаб қилсак, биз билан талашиб, ёқалашишади,—дейди назоратчи Тилла Шодмонов.

«Бухоро Марказий деҳқон бозори» АЖда қуруқ мевалар, мева-сабзавотлар растаси, гўшт растаси, сут маҳсулотлари, шунингдек, полиз маҳсулотлари ҳамда тайёрлов савдо растаси мавжуд. Жами 1472 нафар сотувчи ва тадбиркор хизмати йўлга қўйилган. Афсуски, бозорда содир бўлаётган жанжаллар 90 фоиз сотувчиларнинг ўз маҳсулотларини расталарда эмас, кўчада ва ерда олиб боришаётгани оқибатида юзага келган. Яратилган имконият ва шарт-шароитлардан тўлиқ фойланилмаган. Неъматларнинг оёқ остида пулланаётгани эса ачинарли.

«Дарё» мухбири тадбиркор ва сотувчиларнинг бу борадаги фикрларига қизиқар экан, «Битта менми, ерда сотаётган, анавиларга қаранг», «Растадан ҳеч ким сўрамайди, чунки растадаги маҳсулотни қиммат, деб ўйлашади», «Ҳамма ерда сотаяпти-ку!», «Нима эди, истаган жойимда сотаман, гап борми?!» тарзидаги қараш ва иддаолар билдиришган.

Ўзини Ойсулув Муҳаммедова деб таништирган тадбиркорнинг айтишича, гуллар савдоси билан шуғулланади, ўз дўкони бор. Аммо айрим сотувчиларда шартнома, ҳужжат йўқ. Ерда сотувчи савдогарлардан пул олинади, чек берилмайди. «Ўзаро келишув» асосида ишланади.

Фото: «Дарё»

Ҳолат бўйича суриштирув давомида Бухоро вилоят солиқ бошқармаси матбуот хизмати гуруҳи ҳам ҳамроҳлик қилди. Шу куни Бухорода «Кўча бозори савдосига қаршимиз» ойлиги эълон қилинди.

— Ушбу ойликдан кўзланган мақсад бозорлар, савдо комплекслари ҳамда тижорат дўконлари атрофини ободонлаштириш, товарларни фақат савдо дўкони ичида сотиш ва уларни бинонинг ташқарисига чиқармаслик, санитария нормалари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, шунингдек, шохобчада назорат-касса машинаси, тўлов терминали мавжуд бўлиши ҳамда уларни белгиланган тартибда ишлатишни таъминлашдир.

Ойлик давомида чакана савдо фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар томонидан савдо қоидалари, санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганда айбдорларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланилади, — дея таъкидлади Бухоро вилоят солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиев.