Видеокузатув тизимларини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компаниялардан бири — Хитойнинг Hikvision корпорацияси АҚШнинг чеклов чоралари хавфи остида қолди, дея хабар бермоқда «Эхо Москви».
The New York Times газетаси маълумотларига кўра, АҚШ Савдо вазирлиги Хитой корпорацияси учун эҳтиёт қисмларни етказиб берувчи Америка компанияларидан махсус лицензия талаб қилиши мумкин. Қайд этилишича, Оқ Уй бу масала бўйича яқин ҳафталарда тегишли қарор чиқариши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Hikvision тушкунликка тушаётгани йўқ. Компания вакилларининг таъкидлашича, «қора рўйхат»га тушиш уларнинг ишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Уларнинг айтишича, АҚШ чиплар савдосини тўхтаца ҳам, Hikvision бошқа каналлардан фойдаланиши мумкин ва санкциялар ҳеч қандай натижа бермайди.
Аввалроқ Вашингтон «қора рўйхат»га Huawei компаниясини киритган эди. Кейинроқ Huawei’га Америкада ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмларни сотиб олиш имконини берадиган 90 кунлик муҳлат берилди.
Hikvision кузатув тизимлари дунё бўйича кенг фойдаланилади. Компания, шунингдек, йўл камералари, тепловизорлар ва дронлар ҳам ишлаб чиқаради.
Изоҳ (0)