Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Манчестер шаҳри мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатини медалсиз тарк этадиган бўлди. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Шу билан бирга Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги 8 йилдаги энг ёмон натижасини такрорлади. Ўзбекистон терма жамоаси 2011 йилдан буён Жаҳон чемпионатларининг учтасида медалларга эга чиққанди. Фақатгина 2013 йилда жамоа 4 нафар эркаклар терма жамоаси аъзоси билан қатнашиб медалларсиз қолган бўлса, 2015 йилда 1 та олтин, 2 та кумуш, 2017 йилда 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиққанди. 2011 йилги мундиалда эса Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш медални қўлга киритганди.
2019 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон 12 нафар спортчи билан мусобақада иштирок этди. Аммо терма жамоанинг энг яхши натижаси бор-йўғи чорак финал йўлланмаси бўлди. Дмитрий Шокин айнан шу босқичга қадар етиб келиб, чорак финалда мексикалик рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Қолган таэквондочилар эса чорак финалга ҳам етиб кела олмади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)