Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди судьяси Мақсуд Раимов «Драё»га хабар берди.
Судланувчи Турсунов Матлаб (исм шарифи ўзгартирилган) Жиззах вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Фориш тумани ҳудудида ўтказилаётган тадбир давомида, Муминов Русланга (исм шарифи ўзгартирилган) гўёки гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказаётганлигини билиб, ўзини харидорга телефон аппаратини сотаётгандек қилиб кўрсатиб, 300 000 сўм эвазига полиэтилен пакетга солинган марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Шундан кейин Жиззах вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Мирзачўл тумани ҳудудида ўтказилаётган тадбир давомида, Фориш туманида яшовчи фуқаро М.Турсунов Р.Муминовга 500 000 сўм эвазига марихуана гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, холислар иштирокида тинтув ўтказилганида ундан марихуана гиёҳвандлик воситаси ва 500 000 сўм пуллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди М.Турсуновни Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 5-қисми ва 276-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топиб, унга 10 (ўн) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шунингдек, ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Изоҳ (0)