Ўзбекистонда бўлиб турган Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагард бошчилигидаги делегация аъзолари 18 май куни Самарқандга келди.
Меҳмонлар шаҳар билан танишувни Амир Темур мақбарасидан бошлади. Соҳибқироннинг давлатчилик сиёсати, илм-фан, маданият ривожидаги хизматлари ва улкан бунёдкорлик ишлари ҳақидаги маълумотлар Кристин Лагард хонимда қизиқиш уйғотди. Бу ҳайрат ва ҳавас Регистон майдони, Бибихоним масжидига ташриф чоғида яна ҳам ошди.
— Самарқанд жуда гўзал ва обод шаҳар экан, — дейди Кристин Лагард. — У Буюк Ипак йўлининг йирик савдо марказларидан бири бўлганлиги ҳақида эшитгандим. Бу ердаги бир неча асрлик тарихий обидалар ўзбек халқи қурилиш, архитектура бўйича улкан тажриба ва салоҳиятга эгалигидан далолат беради. Мен бу биноларни кўриш, уларнинг деворларни ушлаб кўришни орзу қилардим. Бу орзуларим ушалганидан хурсандман.
Изоҳ (0)