Буюк Британия 20 майдан бошлаб навбатларни қисқартириш мақсадида барча чет элликлар учун қоғоз миграцион карталарни бекор қилади. «Корреспондент.net»нинг хабар беришича, бу ҳақда Чегара хизмати раҳбари Пол Линколн маълум қилган.
Ҳозирги пайтда миграцион карталарни авиарейс ёки денгиз портлари орқали Европа иқтисодий зонасидан ташқаридан келган йўловчилар тўлдиради.
Пол Линколннинг айтишича, миграцион карталарнинг бекор қилиниши «ортиб бораётган йўловчилар муаммосини ҳал қилишга» ва ходимларга «чет элликлар билан ўзаро муносабатларга» кўпроқ эътибор қаратишга ёрдам беради.
Унинг таъкидлашича, миграцион картага киритилган кўпчилик маълумотларни электрон шаклда йиғиш имконияти пайдо бўлади. Мамлакатга кириб келаётган чет эл фуқароларини ҳисобга олиш учун ҳар йили 16 миллионга яқик миграцион карталар чиқарилган.
Шу билан бирга, Буюк Британия касаба уюшмалари жорий этилаётган янги ўзгаришлар чегара назоратини сусайтириши мумкинлигидан хавотирда. Касаба уюшмалари вакилларининг фикрича, карталарнинг бекор қилиниши хавфсизлик органларини «ноқонуний операциялар иштирокчилари ёки жиноятчиларни» жавобгарликка тортиш учун муҳим бўлган маълумотлардан маҳрум қилади.
Изоҳ (0)