Бутун жаҳонни қамраб олган глобализация Америка қадриятлари ва KFC гамбургерларини тарқатибгина қолмай, миллий ўзликни англашни, ўзига хосликка қизиқиш ҳиссини уйғотди. Бу вақтда тилга ҳар қандай ижтимоий ўзгаришлар таъсир қилади. Бу масалада «Дарё» колумнисти, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров фикр юритади.
Ижтимоий ҳаётда давлат тилидан фойдаланиш, давлат тилини муҳофаза қилиш, унинг қўлланилишини назорат қилиш ҳамда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликни таъминлаш масалаларини тартибга солиш мақсадларида кўп мамлакатларда давлат тили ҳақида махсус қонунлар қабул қилинмоқда. Баъзи мамлакатларда тил билан боғлиқ масалалар конституцияда назарда тутилган. Масалан, Ҳиндистон конституциясида махсус моддалар назарда тутилган бўлиб, улар қуйидаги матнда баён қилинган:
Мамлакат президенти озчилик тил гуруҳларининг ҳуқуқларига риоя қилинишини кузатиб борадиган ходим тайинлайди. Ушбу ходим мамлакат президентига озчилик тил гуруҳларининг ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган конституция қоидаларининг бажарилиш ҳолати ҳақида мунтазам ҳисобот бериб туради. Президент эса Ҳиндистон парламентидаги ҳисобот бериш учун батафсил маълумотлар бериб бориш ва улар ҳақида ўзининг тегишли буйруқлари билан штатлар ҳукуматларига етказишни таъминлайди.Ўзбекистонда тил қурилиши тарихи биринчи назар ташлагандагига қараганда анча мураккаб ва драматик кечган. Мамлакатнинг тил ва имло соҳасидаги кўзга кўринган мутахассислари қатағон қилинганини ёки узоқ муддатларга фаол ижтимоий ва илмий фаолиятдан ажратиб қўйилганини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя қилса керак. Чунки ўзбек адабий тилининг тикланиш йўли жиддий кураш йўлидан ўтди, ва бу кураш аксар ҳолларда илмий муҳокамалар доирасидан бутунлай ташқарида кечди ва сиёсий текисликка кўчди ва унга хос барча хислатларни бошидан кечирди. Ўзбекистоннинг тилшунослик ҳаётидаги мураккаб вазиятлар ва фожиавий ҳодисаларнинг сабабларидан бири тиллар ва тил сиёсатининг мафкуралаштириб юборилгани бўлди, ва бунда фақат тилга тааллуқли масалаларнинг ечими тил масалаларини ҳал қилиш борасида жуда ҳам саёз билим, тажрибага ва тушунчага эга инсонлар қўлига тушиб қолган эди. Бугунги кунда ўзбек тили сиёсати устида иш олиб бораётган олимларда ушбу соҳада узоқ вақт давом этиб келаётган масалаларни ечишга салоҳиятлари етади деб умид қиламан.
Ўзбекистонда тил масалалари ХХ аср сиёсий ва тарихий жараёнлар натижасида пайдо бўлган бир қатор ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Ўзбек тили 1989 йилда қабул қилинган қонунга кўра давлат тили ҳисобланади. Аҳолининг қарийб 80 фоизи ўзбек тилини она тили деб ҳисоблайди, аҳолининг қолган 20 фоизи бир неча ўн тилни она тили деб билади. Рус тили энг кўп тарқалган тиллардан бири. Аксар ҳолларда мамлакат аҳолисининг рус тилида сўзлашмайдиган қисми рус тили иккинчи, учинчи ва/ёки чет тили ўрнида қўллайди. Ўзбекистоннинг кўп миллатли аҳолиси учун рус тили алоҳида аҳамиятга эга. Кўпчилик учун рус тили миллатлар орасида мулоқот воситасидир. ХХ-XXI асрларда мамлакатда бу икки муҳим тилнинг мавқеи ўзгариб келди. Қўлланиш соҳасига боғлиқ ҳолда Ўзбекистонда тиллар ўз функсионаллик даражаси билан фарқ қилади. Масалан, кундалик ҳаётда, оила доирасида ва бизнесда мулоқот учун рус тилининг қўлланилиш қамрови, уни она тили деб ҳисоблайдиганлар сонига қараганда анча юқори.
Давлат тили ҳисобланган ўзбек тилидан ташқари, бир қатор ҳудудларда аҳоли бошқа тилларда ҳам сўзлашади. Масалан, Қорақалпоғистон автоном республикасида қорақалпоқ тили давлат тили ҳисобланади. Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва бошқа вилоятларда ОАВ, мактаблар, лицейлар, коллеж ва ОТМларнинг баъзи бўлимлари тожик тилида фаолият олиб боради. Тошкент ва Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида таълим қозоқ тилида олиб борилувчи мактаблар ва ОТМ бўлимлари мавжуд. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида туркман тилида таълим олиб бориладиган мактаблар бор. Қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайдиган ҳудудларда (Андижон, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида) баъзи газеталар қирғиз тилида ҳам чоп қилинади. 45 000 дан зиёд озарбайжон миллатига мансуб фуқаролар ўзбеклар билан дўстона муносабатларда тотув яшайди. Тошкент шаҳрида озарбайжон маданият маркази фаолият юритади. Ўзбекистонда яна бошқа бир тил озчилиги вакиллари — уйғурлар ҳам яшайди. Баъзи ТВ ва радио дастурлари мунтазам уйғур тилида узатилиб туради.
Жаҳоннинг бошқа жойларида шароит қанақа?
Жаҳоннинг ҳозирги кун сиёсий харитасида, мавжуд 193 мамлакатдан 86 тасида, яъни 45 фоиз мамлакатда бир неча тилга расмий мавқе берган ҳолда кўп тиллилик сиёсатига риоя қилинади. Улардан кўпчилиги (77 фоиз) бир неча тилга умумдавлат расмий мавқе белгилаган. Қолган давлатларда тил сиёсатида давлат ва минтақа бўйлаб кўп тиллилик ҳолати амалга оширилади.Икки тилга давлат тили мақомини бериш жаҳоннинг барча макроминтақалари: Европа, Осиё, Америка, Африка ва Океанияда мавжуд.
Бир қатор давлатларда иккитадан кўпроқ тилга умумдавлат расмий мақом берилган. Булардан уч тил мамлакатнинг барча ҳудудларида расмий мақомга эга бўлган 14 мамлакат, Сингапур ва Швейцарияда эса тўрт тил, Маврикийда беш, ЖАРда 12 тил расмий мақомга эга.
Замонавий давлатлар сиёсатида кўптиллилик икки формат кўринишда амалга оширилади. Биринчиси давлат миқёсида кўп тиллиликни назарда тутади, иккинчи ҳолатни эса аралаш сиёсат деб атаса бўлади: расмий тил ёки умумдавлат аҳамиятига эга бўлган тиллар мақоми билан бир қаторда минтақа тиллари ҳам расмий мақомга эга бўлади. Бундай форматга 23 мамлакатда амал қилинади. Улардан олтита давлатда 1+1 формуласи, яъни битта давлат тили ва битта минтақа тили, қолганларида эса минтақа тиллари сони кўпроқ: икки, уч ва ҳатто масалан Россиядаги каби максимал сонгача етиши кузатилади. Россияда битта давлат тили бор ва 26 тил минтақа давлат тили мақомига эга.
Тил сиёсатида аралаш форматга амал қилувчи уч мамлакат: Финляндия, Норвегия ва Ҳиндистонда 2+ формуласи қўлланган, яъни минтақа тилларидан ташқари, бу давлатларда бирмас, икки давлат тили жорий қилинган.
Европадаги 16 моноэтник мамлакатда расмий кўп тиллилик сиёсати қабул қилинган. Улардан еттитасида (Австрия, Буюк Британия, Испания, Мальта, Нидерландия, Норвегия ва Хорватия) сони энг кўп миллат вакиллари аҳолининг 80 фоизини ташкил этади. Яна тўққизта давлатнинг этник тузилишда сони энг кўп миллат аҳолининг 90 фоизини ташкил қилади. Булар Дания, Ирландия, Италия, Польша, Португалия, Сербия, Словения, Финляндия ва Швециядир.
Ушбу рўйхатларда Европада энг моноэтник ҳисобланган Португалия ҳам киритилади. Бу мамлакатда португаллар аҳолининг 99 фоизини ташкил қилади. Бироқ Португалияда икки тил расмий мақомга эга: португал тили давлат миқёсида ва миранд тили минтақа миқёсида. Миранд тилининг расмий мақоми мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида кичик бир ҳудудда яшайдиган, мамлакат аҳолисининг атиги 0,14 фоизини ташкил қилувчи халқ учун жорий қилинган.
Икки тилли 48 та мамлакатнинг аксарияти (94 фоиз) унитар, ва учтаси федерация давлат қурилишига эга. Булар Канада, Ҳиндистон ва Покистон. Булардан бирортаси ҳам Европада жойлашган эмас. Швейцарияда эса тўрт тил давлат мақомига эга. Европада давлат миқёсида икки тиллилик белгиланган бирорта федератив давлат йўқ. Европадаги барча икки тилли давлатлар унитар ҳисобланади. Европадаги кўп тилли федератив мамлакатлар эса юқорида зикр қилинган Швейцария ҳамда Бельгия, Босния ва Герцеговина икки тилли давлатлар қаторига кирмайди, чунки уларнинг ҳудудида уч ёки тўртта тил давлат мақомига эга.
Тил давлат рамзи бўлиши мумкин, аммо ҳечам давлатчиликни белгиловчи жиҳат ёки атрибут бўлиши мумкин эмас. Буни инкор қилсак, автоматик тарзда инглиз тили расмий давлат мақомига эга бўлган 55 мамлакатнинг, француз тили худди шу мақомга эга бўлган 30 давлатнинг, араб тили давлат мақомига эга бўлган 24 мамлакатнинг, испан тили давлат мақомига эга бўлган 20 давлатнинг, португал тили худди шу мақомга эга бўлган етти давлат ва немис тили давлат мақомига эга бўлган олти мамлакатнинг давлатчилигини бекор қилган бўламиз.
Бундай нуқтаи назардан қаралса, замонавий мустақил мамлакатларнинг энг камида 70 фоизида давлатчилик мавжуд бўлмаган бўлар эди. Чунки буларда «миллий бўлмаган» деб аталадиган тиллар давлат тили мақомига эга. Замонавий дунё сиёсий харитасида «ўз» тили умуман мавжуд бўлмаган давлатлар бор. Улар қаторига нафақат Жанубий Америка ёки Африка мамлакатлари, балки буларда давлатчилик мавжудлигини ҳеч ким шубҳа остига ололмайдиган, бироқ ўз миллий тиллари мавжуд бўлмаган АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи аъзоси бўлмиш Австрия киради.
Европа минтақавий ва кичик этник гуруҳлар тиллар ҳақидаги хартияси — (European Charter for Regional or Minority Languages) Страсбургда 1992 йил 5 ноябрь куни инглиз ва француз тилларида, ҳар икки тилдаги матн ҳам бир хил мақомга эга бўлиш шарти билан, ва Европа кенгаши архивида сақланаётган ягона нусхада қабул қилинган эди. Рўйхатда эса Европадаги 42 минтақа тиллари келтирилган.
Европанинг турли мамлакатлари ҳар бирида бир миллиондан кўп одамлар сўзлашадиган 18 тилни минтақавий ва хартия томонидан ҳимоя қилинадиган тоифага киритган. Масалан, Австрия ва Черногорияда словен тилида сўзлашувчи 2 миллиондан кўпроқ аҳоли хартияга кўра ҳимояга олинган. Ҳам албан, ҳам хорват тилларида сўзлашувчи аҳоли сони 6 миллиондан ортиқ, бироқ албан тили фақат Сербия ва Черногорияда, хорват тили эса Австрия ва Черногорияда хартия шартлари асосида ҳимояга олинган. Уч мамлакатда — Австрия, Сербия ва Словенияда камида 14 миллион аҳоли сўзлашадиган венгр тили хартияга кўра ҳимояга олинган тиллар тоифасига киритилган. Хартия шартларига кўра, Словения, Хорватияда итальян тилига (сўзлашувчилар сони 70 миллиондан ортиқ), Дания, Италия ва Польшада эса немис тилига (сўзлашувчилар сони 110 миллиондан ортиқ) расмий мақом берилган.
Сиёсий сабабларга кўра озчилик гуруҳлар тиллари «яқин ўтмишдагина» пайдо бўлганига ишора қилган ҳолда баъзи мамлакатлар раҳбарлари (Латвия, Эстония) ушбу хартияни ратификация қилишдан бутунлай бош тортиб турибди. Рус тилининг мақомидан келиб чиққан низо сабабли Украинада ушбу хартияни ратификация қилиш узоқ муддатдан бери муаммоли ҳисобланади.
Аксарият Европа мамлакатлари тил сиёсатида мақомий кўптиллиликка риоя қилишларини таъкидлаб ўтиш лозим.
Тил сиёсати жорий шароитни ўзгартиришга ҳаракат қилгандагина истиқболли ҳисобланади, совет ва рус илмий адабиётларда ушбу атама тил қурилиши, Ғарбий Европа илмий адабиётларида эса тил сиёсатини режалаштириш деб тушунилади. Жорий ўрнатилган тил ва нутқ меъёр/нормалари мамлакат сиёсий элитаси томонидан маъқулланиб турган вақтда ва/ёки янгиларини жорий қилишга қаршилик қилса, тил сиёсати орқага тортувчи (ретроспектив) ҳисобланади. Шунингдек, тил сиёсатининг самарадорлиги бир қатор омилларга боғлиқ бўлади. Тил сиёсати ўрнатилган вазиятни ўзгартиришга, яъни икки ёки ундан кўпроқ тилларни битта мамлакат, халқ, минтақа ва ҳоказолар доирасида мулоқот қилиш ва ўзаро фаолият олиб бориш турларини ўзгартиришга йўналтирилган тил сиёсати айниқса мураккаблиги ва зиддиятларга бойлиги билан фарқ қилади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)