Россиянинг Пенза шаҳрида жойлашган 20 та мактаб ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тўғрисидаги низомига ўзгартириш киритиб, таълим муассасасига диний либосларда, жумладан, ҳижобда келишни тақиқлади. Низомга ўзгартириш прокуратура талабидан сўнг киритилди, деб хабар беради Meduza.
Идоранинг таъкидлашича, амалдаги қонунчилик дунёвий таълим принципини мустаҳкамлайди ва таълим муассасаларида «диний эътиқод ҳуқуқини амалга ошириш имкониятини назарда тутмайди». Прокуратуранинг қайд этишича, 12 киши интизомий жавобгарликка тортилган.
Пенза вилояти прокуратурасининг сайтига жойлаштирилган пресс-релиз бир неча соатдан сўнг ўчириб ташланган, бироқ Бош прокуратура сайтида ушбу янгилик ҳамон турибди.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йили Ставрополь ўлкасида, 2014 йили Мордовияда мактабларга ҳижобда келиш тақиқланган эди. Иккала ҳолатда ҳам мамлакат Олий суди ушбу тақиқларни қонуний деб топган.
Изоҳ (0)