Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш орқали аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи қондирилади, бу ҳақда Spot хабар беради.
Вазирлар Маҳкамасининг «Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Қарорга мувофиқ, кўллар тизимини ривожлантириш орқали аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи қондирилиб, туризм салоҳиятидан унумли фойдаланилади.
Ҳудудда туризмни ривожлантириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ҳаваскор ва спорт балиқ ови туризми йўлга қўйилади.
Шунингдек, 1 июлдан бошлаб Айдар-Арнасой кўллар тизимининг бўш сув ҳавзалари контурларини танлов асосида ижарага бериш E-ijro auksion ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.
Қарорга биноан Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК ташкил этилади. Дирекция томонидан балиқ овлаш мавсуми давомида ҳар ҳафтанинг якшанба куни балиқ ва балиқ маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилади.
Изоҳ (0)