Тошкентнинг Сергели туманида ҳам кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, янги мавзелар аҳолига топширилмоқда. Табиийки эндиликда бу мавзеларда яшовчиларнинг таълим муассасаларга ҳам эҳтиёжи ортади. Шу боис аҳолига қулайлик яратиш мақсадида туманда тўртта янги умумтаълим мактабини қуриш ишлари бошланди, бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбай Раматов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев, қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов мактабларнинг қурилиши олдидан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.
Маълум бўлишича, замонавий лойиҳалар асосида қурилаётган мактабларнинг ҳар бири бир ярим минг ўқувчига мўлжалланган. Ушбу мактаблар 2019—2020-ўқув йилидан бошлаб биринчи ўқувчиларни қабул қилади. Мазкур ўқув муассасаларининг ишга туширилиши Сергели туманида қурилаётган мавзелар атрофида жойлашган юқори коэффициентли мактаблардаги вазиятнинг яхшиланишини таъминлайди.
Шу билан бирга, жорий йилда юқори коэффициентли 267- ва 303-мактаблар учун инвестиция дастури доирасида 360 ўринли қўшимча бино қурилиши ҳам режалаштирилган.
Изоҳ (0)